“Бухоро тарихий маркази” номи билан ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро тарихий маркази 555 гектарни ташкил этади.
ЎзА хабарига кўра, унинг буфер зонасида 280 та моддий маданий мерос кўчмас мулк объектлари жойлашган.
– ЮНEСКО билан ҳамкорлик доирасида Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан 2020 йилнинг октябрь ойида Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган “Абдуллахон” мадрасасини қисман жорий таъмирлаш мақсадида грант маблағларини жалб этиш бўйича сўровнома ҳужжатлари тайёрланиб ўрнатилган тартибда ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси марказига тақдим этилган эди, – дейди Маданий мерос агентлиги Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шерзод Маҳмудов. – Натижада “Абдуллахон” мадрасасини жорий таъмирлаш лойиҳаси учун 30 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилди. Ҳозирда лойиҳалаш ишлари давом этмоқда.
Маданият вазирлиги, Маданий мерос агентлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорликда Ислом оламининг таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICЕСКО)нинг Ислом Олами Мероси рўйхатига Бухородаги 7 та, Исмоил Сомоний мақбараси, Чор Бакр, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Мағоки Aттор масжиди, Пои-Калон ансамбли, Қадимги Пойкент шаҳри қолдиқлари ва Тошсарой мадрасалари киритилди. 2021 йилнинг 15-31 июль кунлари Хитойнинг Фужоу шаҳрида ўтказилган ЮНEСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 44-сессиясида Жаҳон мероси рўйхатига киритиш учун таклиф қилган объектлари бўйича янгиланган рўйхатга Бухоро вилоятидан 7 та маданий мерос объекти (Пойкент, Варахша, Вардонзе, Чор Бакр ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Вобкент минораси, Чашмаи Аюб хазираси) киритилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати