Ўзбекистон янгиликлари

Уламолар Кенгаши баёноти қабул қилинди

Бугун, 1 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Уламолар Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош имом-хатиблари, диний таълим муассасалари ҳамда илмий-марказлар раҳбарлари, уламолар ва имом-домлалар иштирок этдилар. Ҳудудлардан Уламолар Кенгаши аъзолари ZOOM платформаси орқали онлайн тарзда қатнашдилар.

Мажлис Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолар ила бошланди.

Йиғилишни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари очиб, 2022 йил 2 февраль куни Президентимиз раислигида экологик ҳолатни яхшилаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ўтказилган йиғилишда қайд этилган ўта муҳим масалалар ижроси юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг баёноти ишлаб чиқилганини маълум қилдилар.

Шундан сўнг йиғилиш иштирокчилари эътиборига Уламолар Кенгаши баёнотини Муфтий ҳазратлари ўқиб эшиттирдилар.

Йиғилишда ушбу баёнот юзасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков шундай деди:

– Бугун атроф-муҳитни асраш, иқлим ўзгаришлари глобал масалалардан бири. Юртимиз ҳам бундай долзарб муаммолардан четда эмас. Орол денгизининг қуриб бораётгани, чанг-тўзонлар тез-тез содир бўлиши, ёғингарчилик камайиб кетиши каби муаммоларга дуч келяпмиз. Бунинг олдини олиш мақсадида, яшил ҳудудларни кўпайтириш ишида фаол бўлиш, атроф-муҳитни ифлослантиришдан сақланиш лозим. Зеро, динимиз ҳам доим покликка, атроф-муҳитни асраб-авайлашга тарғиб этади.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов:

– Табиат мусаффолигини асраш, уни келажак авлодга бекаму кўст етказиш ҳаётий вазифа. Айниқса, ёш авлодда она табиатга ҳурмат, унинг бебаҳо неъматларини ардоқлаш туйғусини ошириш орқали экологик маданиятни, тозаликка риоя қилиш кўникмаларини шакллантиришга эришамиз. Бу эса инсон саломатлиги ва узоқ умр кўришида асосий омил. Шу боис, баёнотда қайт этилганидек, маҳаллаларда, масжидларда кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларини кенг кўламда олиб бориш, бугунги кундаги асосий вазифа экани яққон намоён бўлмоқда, деди.

Тошкент шаҳридаги “Сирож Солиҳ” масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров:

– Ободлик кўнгилдан бошланади, дейди доно халқимиз. Бу нақл мазмунидан инсон маънавияти, тарбияси унинг ён-атрофга, табиатга муносабатида ҳам акс этишини англаймиз. Бироқ ишга, ўқишга йўл олар эканмиз, баъзан оёқ остида бўш пластик идиш, писта қолдиқлари, музқаймоқ қоғозлари ва шу каби нарсаларга кўзимиз тушади. Бу нарсаларни нафақат айрим ёшлар, балки катта ёшдагилар ҳам бепарво ташлаб кетаверганини англаб, афсусланамиз. Ислом динимиз бандаларни доимо покликка, озодаликка буюрган. Шу нуқтаи назардан, баёнотда келтирилган муҳим масалалар халқимизда атроф-муҳитга бўлган муносабатини яхши томонга ўзгартишга ҳисса қўшади, инша Аллоҳ.

Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғофуров:

– Баҳор келиши билан атроф-муҳит, ҳовли ва яшаш жойлар, ўқув даргоҳлари ҳамда маҳаллаларни саранжом-саришта қилиш бўйича оммавий ҳашарларни уюштириш миллатимизга хос фазилатлардандир. Биз ҳам институтимизда бундай ишларни ҳар йили амалга ошириб келамиз. Жорий йил Юртбошимизнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилаётгани бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни янада жонлантиришига ишонаман. Уламолар Кенгашининг баёноти ҳам барча таълим даргоҳларида кўкаламзорлаштириш ишларининг янада жадаллашишига катта туртки беради, албатта.

Муҳокамаларда муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ушбу баёнотда келтирилган долзарб масалаларга теран кўз билан қараш, муаммоларни бартарф этишга жонбозлик кўрсатиш, ушбу мавзулардаги ояти карима ва ҳадиси шарифларнинг мазмун-моҳиятини афкори оммага чуқур етказиш, умуммиллий лойиҳани амалга оширишда виждонан ёндашиш, ихлос ила саъй-ҳаракат қилишга барчани даъват этиш, айниқса, дин пешволари бу борада ҳақиқий намуна бўлишлари зарурлигини алоҳида қайд этдилар.

Йиғилиш сўнггида Уламолар Кенгаши баёноти қабул қилинди, унинг тўлиқ матни матбуотда эълон қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Read 1495 times

Янгиликлар

Top