Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Ўмон ва Эрон элчиларини қабул қилдилар

Бугун, 2 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Ўмон Султонлиги ва Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиларини қабул қилдилар. Ўзаро мулоқотда кўп асрлик тарихий яқинлик ва халқларимизнинг дўстлик ришталарига асосланган икки томонлама муносабатлар ривожланиб бораётганини мамнуният ила қайд этилди.
Куннинг биринчи ярмида Муфтий ҳазратлари Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмад Саид ал-Катирий жанобларини қабул қилдилар. Ўмон Султонлигининг Вақф ва дин ишлари вазири маслаҳатчиси Муҳаммад Саид ал-Мамарий элчига ҳамроҳлик қилди.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий йўналишларда катта ўзгаришлар амалга оширилаётганини аниқ мисоллар ёрдамида баён этдилар. Жумладан, янги масжидлар очилаётгани, мадрасалар фаолияти яхшиланаётгани, диний таълим жараёнларига змонавий ахборот технологиялари жорий этилаётганини таъкидладилар.
Элчи жаноблари жавоб сўзида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга гувоҳ бўлаётганини айтиб, янгиланишларни юқори баҳолади. Ўзбекистон заминида аҳил-иноқлик, тинч-тотувлик каби фазилатлар бутун дунёга намуна қиладиган даражада яққол намоён бўлаётганини ўз кўзи билан кўраётганини билдирди.
Аҳмад Саид ал-Катирий Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан таълим-тарбия, устоз-мударрисларнинг араб тили фани юзасидан касб-маҳоратларини ошириш каби ҳар икки томон учун манфаатли илмий-маърифий соҳаларда алоқалар ўрнатишга тайёр эканини изҳор этди.


Куннинг иккинчи ярмида муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ҳамид Наййирободий жанобларини қабул қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан юртимиздаги барча йўналишлар қатори диний-маърифий соҳада ҳам катта ижобий ўзгаришлар иштирокчиси бўлинаётгани, хусусан умра сафарлари қайта йўлга қўйилгани, фуқароларга Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш ишлари тизимли олиб борилаётгани, диний таълим муассасаларда фан дастурларини сифат ва мазмун жиҳатдан такомиллаштириш борасида режали ишлар олиб борилаётганини алоҳида қайд этдилар.
Элчи Ҳамид Наййирободий муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг шарафли вазифадаги муваффақиятли фаолиятлари билан самимий қутлаб, улкан зафарлар тилади. У Ўзбекистон тараққиёт йўлида дадил одимлаётгани, мазкур ўзгаришларга эришишда бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўрни катта эканини эътироф этди.
Элчи жаноблари сўзида давом этиб, Ўзбекистон ва Эрон давлатларининг тарихан муштараклиги, ўтмиш аждодларимиз ҳамкорликда ижод этганлари ва икки халқни маънан бирлаштирганлари тўғрисида ҳаётий мисоллар келтирди.
Ҳамид Наййирободий икки мамлакат ўртасида зиёрат туризми соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, уламолар ва илмий-тадқиқотчиларнинг ўзаро ҳамкорликларини йўлга қўйиш, биргаликда халқаро анжуманлар ўтказиш кабиларга ҳам урғу қаратди.
Учрашув якунида муфтий Нуриддин домла ҳазратлари мазкур элчиларга уларнинг Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги масъулиятли фаолиятларига катта ютуқлар тиладилар.
Элчилар самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга бор куч-ғайрати, билими ва тажрибасини қаратишга тайёр эканларини изҳор этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1830 times

Янгиликлар

Top