Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари: “Кўчат экиш садақаи жориядир”

Бугун, 3 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги “Кўкча Оқ-тепа” масжидига ташриф буюрдилар. У ерда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишиб, масжид ҳовлисига манзарали кўчатлар ўтқаздилар.
Айни кунларда ушбу лойиҳа асосида юртимизда яшил маконларни кўпайтириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Хусусан, бундай хайрли ишлар юртимиздаги барча жоме масжидлар, мадрасалар ва зиёратгоҳларда кенг кўламда амалга оширилиб, имом-домлалар томонидан яшил ҳудудлар барпо этилмоқда.
Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ўз сўзларида мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳар бир киши ўзи яшаб турган шаҳару қишлоқларини, маҳалла-ю кўчаларини обод қилса, бир тупдан кўчат ўтқазса, бутун мамлакатимиз обод бўлиб, боғу бўстонга айланишини таъкидладилар ва бу ишларнинг савоби нақадар улуғ эканини Расул алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари асосида шарҳлаб бердилар.
Кимки яхши ният ила экин экса, кўчат ўтқазса улуғ ажру савобга эга бўлади. Кўчат экиш инсонга нафақат тирикликда, балки унинг вафотидан сўнг ҳам савоби етиб турадиган эзгу амал экани таъкидланган. Шундай экан, мамлакатимизда яшил майдонларни ҳосил қилиш, яшиллик дунёсини муҳофаза этиш барчамизнинг савобли ишимиз бўлиши керак.
Аллоҳ таоло ушбу хайрли лойиҳани фойдали қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1504 times

Янгиликлар

Top