Шу кунларда юртимизда Рамазонга тайёргарлик ишлари юқори кайфиятда давом этмоқда. Айниқса, юртимизда янги масжидларнинг кетма-кет очилаётгани юртдошларимиз учун Рамазонга муносиб туҳфа бўлаётир.
Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари пойтахтимиздаги “Кўкча Оқтепа” масжиди очилишида иштирок этган бўлсалар, бугун, 25 март куни Сирдарё вилояти Гулистон туманидa жойлашган “Шодмонхўжа” жоме масжиди янги биносининг очилиш маросимида қатнашдилар.
Муфтий ҳазратлари дастлаб йиғилганларга масжиддаги илк жума мавиъзасини қилиб бердилар. Шу пайтгача бу масжид фақат маҳалла масжиди сифатида фаолият юритаётган эди. Эндиликда у жоме масжидга айлантирилди.
Муфтий ҳазратлари сўзи аввалида масжидларимиздаги қулайлик ҳақида гапирар экан, буларнинг барчаси Аллоҳнинг бизга берган улкан неъмати эканини алоҳида қайд этиб, бу кунларга шукроналар айтиш кераклигини таъкидладилар. Шу билан бирга масжид бунёд этиш улкан ажри савобли амал эканини ҳадислар билан далиллаб, қурилиш ишларида кўмакчи бўлган барча юртдошларимиз ҳақига дуо қилдилар.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, “Шодмонхўжа” жоме масжиди биноси яқингача яроқсиз аҳволда бўлиб, намозхонларга бир қанча ноқулайликлар туғдирар эди. Шу боисдан маҳалла аҳли ва масжид маъмурияти билан келишилган ҳолда ўтган йилнинг июнь ойида масжидни қайта қуриш ишларини бошлаб юборишди. Маҳаллий аҳолининг кўмаги ва ҳашари билан масжид биноси қисқа фурсат – тўққиз ой ичида қайтадан бунёд этилди. Мингдан зиёд намозхонни сиғдира оладиган масжид замонавий қиёфага келтирилиб, намозхонлар учун барча шароитлар яратилди.
Таҳоратхоналар, масжид маъмурияти хоналари, кутубхоналар керакли жиҳозлар билан жиҳозланди. Иссиқлик ва совутиш тизимлари, шу билан бир қаторда замонавий овоз кучайтиргичлар ўрнатилди. Масжид атрофларини кўкаламзорлаштириш учун замонавий суғориш тизимлари ташкил этилиб, арчалар экилди.
Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, юртимизда бу каби жоме масжидларнинг сони янада кўпайиши кутилмоқда. Аллоҳ таоло Рамазон ойида ҳам бундай хушхабарларни бардавом қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати