Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари беморлар холидан хабар олиб, қурувчилар ҳақига дуо қилдилар

Яхшилик хайру саховат элимиз хос фазилатлардан саналади. Бу эзгу амаллар арслар оша ота-боболаримизнинг умр йўлларини безаб, инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг кучайишига замин бўлган. Зеро, мазкур умуминсоний қадриятлар Ислом динининг асосий манбалари – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда кўп бора таъкидланган. Аллоҳ таоло: «Эҳсон-яхшиликнинг мукофоти фақат эҳсон ва эзгулик бўлажак» (Роҳман сураси, 60-оят) деб ўзгаларга яхшилик қилувчиларга дунё ва охиратда улкан мукофотлар борлигини маълум қилган.

Кейинги йилларда давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан барча соҳаларда “Инсон қадри учун” ғояси ҳаётга татбиқ этилиб, кам таъминган, ёрдамга муҳтож, ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг жамиятимиздаги ўрни мустаҳкамланмоқда.

Куни кеча, 25 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Сирдарё вилоятига ташрифлари чоғида ёрдамга муҳтож ва бемор фуқаролар ҳолидан хабар олиб, улардан хол-аҳвол сўрадилар.
Гулистон тумани “Тажрибакор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Рафиқжон Қодиров ҳам ана шундай кўмакка муҳтож инсонлардан. Муфтий ҳазратлари Рафиқжон аканинг хонадонларида бўлиб, у киши билан дилдан суҳбатлашиб, ҳақларига дуолар қилдилар. Шу билан бирга у кишига энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия қилдилар. Бундан ташқари, маҳалладаги яна бир бемор киши ҳолидан хабар олиниб, у кишига ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ва электропеч ҳадя этилди.

Шунингдек, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари “Шодмонхўжа” жоме масжиди янги биносининг очилиш маросимида жоменинг келгусидаги сарф-харажатлари учун дастлабки 20 000 000 сўм ёрдам пули бериш тўғрисидаги сертификатни топширдилар. Бундан ташқари, масжид кутубхонасига юз дона Қуръони карим ҳамда эллик дона диний-маърифий китоблар ҳамда даврий нашрлар тақдим этилди.

Муфтий ҳазратлари Сирдарё вилоятига ташрифи давомида йўл-йўлакай бунёдкорлик ишларини амалга ошираётган темирйўл-муҳандис қурувчиларига дуч келдилар. У киши мазкур ишчилар билан суҳбатлашдилар, қурилиш ишлари билан танишдилар. Сўнгра уларнинг ҳақига дуо қилдилар. Қурувчилар ҳам муфтий ҳазратларининг бундай эътиборидан бағоят мамнун бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 1745 times

Янгиликлар

Top