Ўзбекистон янгиликлари

Талабалар билимда беллашди

Нукус шаҳридаги Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда “Hydrolife” компанияси билан ҳамкорликда талабалари ўртасида билимлар беллашуви ўтказилди.
Мусобақада 2-3-4-курс талабалари алоҳида беллашди.


Дастурга мувофиқ билим юртининг 2-курс талабалари ўртасидаги баҳс “Араб тили” фанидан “Наҳв” (1-китоб) ва “Фиқҳ фанидан” Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Мухтасарул виқоя” китоби (таҳорат китоби) асосида ўтказилди.
3-курс талабалари ўртасидаги мусобақа эса, “Ҳадис” фанидан муаллифлар гуруҳи томонидан нашр қилинган “Ал-аҳодисун набавия ал-мухтаро” ва “Ислом тарихи” фанидан Муҳаммад Хузарийнинг “Нурул яқин” китоби асосида ташкил этилди.
4-курс талабалари ўртасидаги беллашув “Тафсир” фанидан Жалолиддин Суютий ва Жалолиддин Маҳаллийларнинг “Тафсирул жалолайин” ва “Ақоид” фанидан Мулло Алий Қорийнинг “Зовъул маолий шарҳу бадъул амолий” китоби асосида ўтказилди.
Талабалар ўртасида кечган қизиқарли ва муросасиз ўтказилган баҳсда сара билимдонлар танлаб олинди.


Унга кўра, 2-курс толиблари ўртасида 1-ўринни Муҳамаддин Нажиматдинов, 2-ўринни Аҳмаджан Мамасалиев, 3-ўринни Икромхон Баҳадирхоновлар эгаллади.
3-курс талабалари ўртасидаги мусобақада эса 1-ўринни Сагадединов Пурҳанаддин, 2-ўринни Назаров Жамал, 3-ўринни Зинуллаев Алтынбек олди.
Шунингдек, 4-курс талабалари ўртасидаги беллашувда 1-ўринни Ийса Аймов, 2-ўринни Аброр Маматов, 3-ўринни Элдар Илесов эгаллади.


Ғолибларга “Вақф” хайрия жамоат фонди ва “Hydrolife” компаниясининг қиммат баҳо совғалари, пул мукофоти ҳамда Қурьони карим мусҳафи ва диний таьлимга оид адабиётлар совға қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1239 times

Янгиликлар

Top