Ўзбекистон янгиликлари

Самарқандлик алломалар илмий мероси хорижлик тадқиқотчи нигоҳида

Айни пайтда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий изланишлар олиб бораётган Туркиянинг Анқара университети илоҳиёт факультети докторанти Мине Демирбилек илм истагида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Туркиялик ёш тадқиқотчи “Ҳижрий IV-V асрларда Мовароуннаҳр минтақаси ҳанафийлари ўртасидаги фарқлар” мавзусидаги докторлик диссертацияси устида тадқиқотлар олиб бориб, мамлакатимиздаги исломшуносликка оид ноёб қўлёзмалар, замонавий илмий нашрлар билан танишмоқда.

– Илмий ишимни моҳият жиҳатидан бойитиш ҳамда Мовароуннаҳрнинг қадимий шаҳарлари ва тарихий обидалари билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга келдим, – дейди Мине Демирбилек, – айниқса Самарқанд заминида яшаб ўтган алломаларнинг ислом тафаккури тарихида ўчмас из қолдирганлиги, уларнинг бой илмий мероси мени бевосита марказингизга етаклаб келди. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Доримий, Маҳудуми Аъзам, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Хожа Аҳрори Вали каби буюк зотлар абадий қўним топган кўҳна кент мени лол қолдирди.

Бўлажак олим Самарқанддаги бир ҳафталик изланишлари мобайнида Марказ нашрлари ва кутубхона фондидаги нашрлар, шунингдек, манбалар хазинасидаги нодир қўлёзма асарлар билан танишишни мақсад қилган.

Бундан ташқари хорижлик тадқиқотчининг бир қанча маънавий-маърифий тадбирларда ҳам бевосита иштироки кўзда тутилган.

Айни пайтда Марказда хорижлик тадқиқотчига илмий изланишларни бориши учун қулай шарт-шароит яратиб берилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Read 1374 times

Янгиликлар

Top