Ўзбекистон янгиликлари

АҚШ вакили: Сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний соҳада изчил ўзгаришлар юз берди

Жорж Вашингтон университети ҳузуридаги Марказий Осиё тадқиқотлари дастури майдончасида Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга бағишланган онлайн-брифинг ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Брифингда Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов, АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси раиси Надин Маенза, БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид, Бригам Янг университетининг Ҳуқуқ ва динни ўрганиш халқаро маркази директорининг ўринбосари Элизабет Кларк, Жанубий Калифорния университети доценти Стив Свердлов маъруза қилди.

Ўзбекистон элчиси иштирокчиларни мамлакатимизда дин эркинлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатлар билан таништирди. Хусусан, сўнгги йилларда диний эркинликларни таъминлаш, шу жумладан диний ташкилотларни рўйхатга олиш, уларнинг фаолият юритиш тартибини енгиллаштириш, болаларнинг ибодат масканларига тўсиқсиз киришини таъминлаш, ибодат жойларида рейдлар ўтказишни тўхтатиш ва бошқа соҳаларда эришилган ютуқлар алоҳида таъкидланди.

Бундан ташқари, инсонийлик тамойилларига асосланиб, тақиқланган ташкилотларда қатнашганлиги учун судланган, аммо тузалиш йўлига кирганларни афв этиш ва уларни нормал ҳаётга реинтеграция қилиш одатий амалиётга айланди.

Шунингдек, сўнгги йилларда Яқин Шарқдаги экстремистлар назоратидаги ҳудудларга алданиб бориб қолган 531 нафар Ўзбекистон фуқаросини, асосан, аёллар ва болаларни Ватанга қайтариш учун беш марта "Меҳр" махсус операцияси амалга оширилди.

АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси раиси Надин Маенза, ўз навбатида, сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистонда диний эркинлик соҳасида изчил ўзгаришлар амалга оширилганини таъкидлади. «Ўзбекистон раҳбарияти ушбу масалага жиддий эътибор қаратаётгани, ҳамкорлар ва халқаро ташкилотлар билан мулоқотга асосланган тизимли ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этаётганидан мамнунмиз. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216- («Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш») ва 244-моддаларини («Оммавий тартибсизликлар») декриминаллаштириш ёки улар бўйича жазоларни юмшатишга қаратилган қонунчилик ислоҳотлари давом этаётгани ҳақидаги хабарлар бизни рағбатлантирмоқда», - деди у.

“Биз ҳокимият алоҳида маҳбуслар ишига қандай муносабат билдираётганини кўраяпмиз ва бу саъй-ҳаракатлар ҳукуматнинг диний эркинлик соҳасидаги ислоҳотларининг давоми ҳамда навбатдаги муҳим қадами бўлиши мумкин”, - деб қайд этди Надин Маенза.

“2017 йил Ўзбекистонга таклиф этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг биринчи кузатувчиси бўлганимдан мамнунман, - деди БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид. - Махсус маърузачининг ташрифи якунлари бўйича Ўзбекистон ҳукумати нафақат яқин ҳамкорликка тайёрлик билдирди, балки БМТ экспертининг тавсиялари асосида бу йўналишдаги ислоҳотларнинг “Йўл харитаси”ни ҳам қабул қилди. Бундай амалиёт БМТ тизимида мисли кўрилмаган воқеа бўлди”.

«Биз Ўзбекистон бу соҳада эришган ютуқларни юксак эътироф этишимиз керак. Мен кўплаб маҳбуслар озод қилингани учун миннатдорман. Мамлакат қонунчилик фаолияти масаласида ҳам сезиларли ютуқларга эришди. Хусусан, Ўзбекистон Сенати мамлакат Жиноят кодексини ислоҳ қилиш бўйича ишларни давом эттиришга тайёр», - деб таъкидлади БМТ махсус маърузачиси.

«Дунёнинг кўплаб мамлакатларида диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида тўплаган тажрибамдан келиб чиқиб, Ўзбекистон очиқлик ва хорижий экспертлар билан ҳамкорлик қилиш, қонунчилик базасини биргаликда такомиллаштиришга тайёрлиги жиҳатидан илғорлик қилмоқда, дейишим учун барча асослар бор, - деди Бригам Янг университетининг Ҳуқуқ ва динни ўрганиш халқаро маркази директорининг ўринбосари Элизабет Кларк. - Ўзбекистон диний эркинликларни яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларда ҳам минтақавий етакчи ҳисобланади. Энг муҳим ўзгаришларга мисол тариқасида рўйхатга олиш жараёни соддалаштирилганини келтириш мумкин. Бу, айниқса, янги диний ташкилотлар учун ўта муҳимдир».

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё тадқиқотлари дастури Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари институти томонидан илгари сурилган ташаббусдир. Унинг илмий-тадқиқот фаолияти хавфсизлик, ривожланиш, давлат қурилиши ва минтақавий ҳамкорлик каби тўртта асосий йўналишга қаратилган. Дастур ҳар йил форумлар, семинарлар ва халқаро конференциялар ташкил этади.

Ушбу тузилманинг мақсади Марказий Осиёда академик тадқиқотларни ривожлантириш, академик доиралар ва сиёсий ҳамжамият ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш, сиёсатни шакллантирадиган, академик, дипломатик ва ишбилармон доиралар вакиллари ўртасида мунозара майдончасини яратишга қаратилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 960 times

Янгиликлар

Top