Ўзбекистон янгиликлари

Россия муфтийси билан дўстона учрашув

Россия сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Ўзбекистон делегацияси вакиллари билан бирга Москва шаҳрида мазкур мамлакат мутасадди ташкилот вакиллари ҳамда у ерда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошлар билан учрашувлар ўтказишмокда.

Куни кеча Иброҳимжон домла Иномов Россия Федерацияси мусулмонлари идораси раиси, Россия муфтийлари кенгаши раиси, муфтий Шайх Равиль ҳазрат Гайнутдин билан учрашув ўтказди.

Суҳбат аввалида Иброҳимжон домла Иномов муфтий Шайх Равиль ҳазрат Гайнутдинга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг дуои-саломлари, рамазон табрикларини етказди. Ўз навбатида Россия муфтийси ҳам муфтий Нуриддин домла ҳазратларига салом ва дуоларини етказиши илтимос қилди.

Самимий учрашув чоғида муфтий Шайх Равиль ҳазрат Гайнутдин юртимизда ўқиган йилларини эслаб, ўша пайтда Ўзбекистон муфтийси бўлган Зиёуддинхон Бобохонов шахсан ўз қўллари билан берган Қуръони карим китобини ҳозирда ўзгача меҳр-муҳаббат билан сақлаб келаётгани таъкидлади. Шунингдек, у ўзбек халқининг иккинчи жаҳон уруши пайтида кўрсатган жасорати, турли дин ва миллатлар вакилларини ўз уйларига меҳр билан қабул килгани ва бундан миннатдорлигини таъкидлади.

Дўстона мулоқот давомида икки давлат диний соҳа вакилларининг илиқ муносабати, яхшилик йўлидаги ҳамкорлиги яхши натижалар бериши қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1368 times

Янгиликлар

Top