Ўзбекистон янгиликлари

Сурхондарёда 188 мингдан ортиқ юртдошимиз ҳайит намозини адо этди

2 май эрта тонгдан Сурхондарё вилоятидаги 124 та жоме масжидида муборак Рамазон ҳайити намози ўқилди.

Президентимизнинг жорий йил 30 апрелдаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ барча масжидларда мўмин-мусулмонларнинг эмин-эркин ибодат қилиши учун зарур шароит яратилди.

Термиз шаҳридаги Ҳаким ат-Термизий номли жоме масжиди ҳам субҳидамдан намозхонлар билан говжум бўлди. Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили Алиакбар Сайфуддинов қутлуғ айём муносабати билан йиғилган мусулмонларни байрам билан табриклади. Осуда, обод Ватанда тинч, хотиржам ибодат қилиш учун барча қулайликлар яратилгани ҳақида атрофлича сўз юритди. Маърузада Рамазон ҳайитининг фазилатлари, тарихи ва маънавий қадриятларига эътибор қаратилиб, бундай тинч, тўкин ҳаёт учун ҳар тонг шукрона айтиш лозимлиги таъкидланди. Эҳтиёжманд оилалар, кексалар ва беморларга меҳр кўрсатишнинг ажру-савоблари ҳусусида фикр юритилди.

Рамозон ҳайити амалларини бажарган юртдошларимиз бир-бирларини байрам билан табриклаб, мамлакатимизга тинчлик, файзу-барака, соғлик, омонлик тилаб дуога қўл очишди. Яқинлари ва эҳтиёжмандлар, беморлар холидан хабар олиб, ҳадялар улашишга йўл олишди.

Вилоятда байрам муносабати билан саховат тадбирлари давом этмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, 

ЎзА мухбири

Read 1027 times

Янгиликлар

Top