Ўзбекистон янгиликлари

Диний идора уламолари иштирок этаётган «Декларациялар мулоқоти» форуми бошланди

Бугун, 16 май куни «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми ўз ишини бошлади. 20 майга қадар давом этадиган форумда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, таниқли уламолар, имом-домлалар, мударрислар ҳамда соҳа экспертлари иштирок этмоқда.

Тадбир доирасида турли мамлакатлар диншунос олимлари, амалиётчи мутахассисларига жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлаб туришнинг муҳим шарти сифатида деклациялараро самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт, илғор хорижий тажриба намойиш этилмоқда.

ЎзА хабарига кўра, пойтахтимизда бошланган “Декларациялар мулоқоти” форумининг очилиш маросимида мамлакатимиз ва хорижий давлатлардан мутахассислар мазкур анжуманнинг долзарблиги хусусида ўз фикрларини билдирди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев бугунги кунда халқаро миқёсда турли хавф-хатар, таҳдидлар авж олган даврда мазкур форум ўта муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

АҚШ Глобал жалб қилиш институти вице-президенти Жеймс Чен тадбир иштирокчиларини қутларкан, ўз навбатида жаҳон ҳамжамиятининг дин, эътиқод йўналишида фаолият олиб бораётган илғор фикрли экспертларининг Тошкентда тўпланиши, юзага чиқаётган муаммоларни бартараф этишда мавжуд куч, имкониятларни бирлаштиришга хизмат қилишини қайд этди. Шу билан бирга кейинги йилларда Ўзбекистоннинг айни йўналишда олиб бораётган амалий саъй-ҳаракатлари дунё миқёсида эътироф этилаётганини ҳам қўшимча қилди.

Форум кун тартиби бир неча босқичдан иборат. Дастурнинг биринчи қисмига кўра, 16-17 май кунлари Тошкентда кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масаласида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича илғор амалиёт билан танишиш юзасидан илмий-амалий семинарлар ўтказилади.

18 май куни Самарқанд шаҳрига танишув саёҳатини ташкил этиш кўзда тутилган иккинчи қисмда хорижий делегациялар мамлакатимиздаги энг қадимий шаҳарлардан бирининг маданий мероси билан танишадилар, турли конфессиялар диний масканларига ташриф буюриб, юртимизнинг тарихий пойтахти бўлмиш Самарқанддаги диний ҳамжамият вакиллари билан учрашадилар.

Форум 19 май куни Бухоро шаҳрида “Декларациялар мулоқоти” мавзусидаги халқаро конференция билан ўз ишини якунлайди. Тадбирда илмий-амалий семинарлар сарҳисоб қилинади, эътиқод эркинлиги ва динлараро мулоқотни таъминлаш масаласи бўйича фикр алмашилади, келгуси ҳамкорлик истиқболи белгиланади.

Халқаро учрашувнинг асосий натижаси сифатида “Бухоро декларацияси” қабул қилинади. Илгари Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак ва Пунто-дел-Эстеда қабул қилинган декларацияларни тўлдирадиган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро даражада қарор топтиришга қўшадиган муҳим ҳиссаси бўлади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1682 times

Янгиликлар

Top