Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро форум меҳмонлари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Хабар берганимиздек, шу кунларда юртимизда ўтказилаётган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумида қатнашиш учун кўплаб хориж мамлакатларидан мартабали меҳмонлар ташриф буюришган.

Нуфузли форум доирасида хорижлик меҳмонлар пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларини айланишмоқда.

Бугун, 17 май куннинг биринчи ярмида Нигерия Аргуну штати амири Элҳаж Самоил Муҳаммад Мера жаноблари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиш жараёнларини кўздан кечириш учун ташриф буюрди.

Меҳмонга Марказ директори Шоазим Миноваров ва Диний идора раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбековлар ҳамроҳлик қилишди.

Меҳмон муҳташам бинонинг ташқи ва ички безаклари, уларга Қуръон оятлари ва ҳадислар билан ёзилган равоқ, эшиклар ва дарвозалар, музей қисмидаги намуна ҳудуд билан танишиб, қуйидаги фикрларни чуқур ҳаяжон ила билдирди:

– Ушбу салобатли бинога Ислом дини нима эканини билмаётганларни, албатта, олиб келиш керак. Мен Ўзбекистон Раҳбарининг Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақидаги фикрини қўллаб-қувватлайман. Марказ ишга тушгач, у бутун дунё мусулмонлари учун маърифий зиёратгоҳга айланади. Марказ очилиш жараёнига, албатта, Нигерия султони билан келамиз, иншоаллоҳ. Олам ривожига шунча ҳисса қўшган аждодлар билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди”, деди нигериялик меҳмон.

Бугун куннинг иккинчи ярмида Марказга Гана Республикаси собиқ бош имоми, элчи Умар Санда Аҳмад ҳам ташриф буюрди. У кишига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс ... ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳамрохлик қилишди.

Меҳмоннинг айтишича, муқаддам Ўзбекистон ҳақида деярли ҳеч нарса билмаган. Икки кун давомида Ўзбекистон тарихи, маданияти, салоҳияти, айниқса, охирги йиллардаги ўзгаришлар тўғрисида чуқур маълумотга эга бўлгани ва бундан жуда ҳайратдалигини яширмади.

Ташриф давомида Элчи Умар Сандага Марказ фаолияти, улуғ аждодларимиз қолдирган бой илмий мерос ҳақида батафсил маълумот берилди. Меҳмон катта орзу ва ҳавас билан шундай бой илмий салоҳиятли Марказ билан ҳамкорлик қилишдан боши осмонга этишини айтиб, қабул ва эҳтиром учун ташаккур билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1544 times

Янгиликлар

Top