Ўзбекистон янгиликлари

Истанбулда "Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази" суратлар кўргазмаси очилди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда «Ўзбекистон - Ислом цивилизацияси маркази» номли суратлар кўргазмаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мамлакатимиз Бош консулхонаси кўмагида уюштирилган ушбу маданий тарбирнинг тантанали очилиш маросимида Бош консул А.Агзамходжаев, IRCICA бош директори, профессор М.Килич, Истанбул ҳокими ўринбосари О.Бозкурт, «Демирорен» АА бош директори Ж.Коркут, «Ўзбекистон маданияти, бирдамлиги ва ҳамкорлиги жамияти» раҳбари Ч.Кочар, шунингдек, Истанбул шаҳри диний бошқармаси ходимлари, Нақшбандия” тариқати вакиллари, Туркия олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалар ва бошқа меҳмонлар ҳозир бўлди.

Бош консул ўз нутқида Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда миллий-диний қадриятлар, тарих, буюк алломаларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Меҳмонларга Ўзбекистонда зиёрат туризми йўналишида ҳукумат томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақидаги маълумотлар ҳам тақдим этилди. Дипломат, шунингдек, мазкур фотокўргазма Ўзбекистондаги тарихий обидалар маҳобати ва санъат асарлари жозибасини ўзида акс эттирганини алоҳида қайд этди.

IRCICA бош директори М.Килич, ўз навбатида Ўзбекистоннинг Ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси ва жаҳон илм-фани тамаддунидаги ўрнини эътироф этди.
-Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Муин Насафий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби кўплаб олимлар бизга жуда катта маънавий бойлик қолдириб кетган, -деди IRCICA бош директори. – Шунингдек, дунёвий илмларга асос солган Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби олимлар ўз илмий кашфиётлари билан Европада Ренессанс ҳодисасининг вужудга келишига замин яратдилар.

Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси тамаддунига қўшган ҳиссасини ўзида яққол акс эттирган суратлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1083 times

Янгиликлар

Top