Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон тажрибаси халқаро конфренцияда юқори баҳоланди

Бугун, 8 июнь куни Қоҳирада давом этаётган халқаро анжуманнинг асосий қисмида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари нутқ қилиб, Ислом маърифатини тўғри етказиш ва бузғунчи ғояларга қарши туриш борасидаги Ўзбекистон тажрибасини баён этдилар.

Маърузада «Жаҳолатга қарши маърифат» тамойили асосида экстремистик ғоялар таъсиридан халқимизни ҳимоя қилишда соф Ислом ақидасини кенг ёйиш, чиройли панду насиҳат қилиш ва аҳоли илм-маърифатини бойитишга катта урғу қаратилаётгани алоҳида қайд этилди.

Айниқса, Қуръони каримни ўрганишга бўлган эҳтиёжни таъминланиш учун Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида тажвид курслари ташкил этилгани иштирокчиларга манзур келди.

Муфтий ҳазратлари кечиримлилик сиёсати туфайли мамлакатда экстремистик гуруҳларга алоқадор деб ҳисобланган фуқаролар, ўз қилмишидан пушаймонлиги ва тўғри йўлга кирганлигини ҳисобга олиниб, махсус ҳисобдан чиқарилгани ҳамда тузалиш йўлига ўтган минглаб шахслар жазодан озод этилгани ҳақида маълумот бердилар. Мазкур тоифадаги инсонлар ўзларини давлат ҳимояси ва ғамхўрлиги остида эканлари, тўлақонли фуқаро сифатида ҳис қилишлари учун барча шарт-шароитлар ҳозирланганига урғу қаратдилар.

Нутқда, ёшларни адашишликка олиб борувчи омилларга қарши қаратилган ишларга катта эътибор берилаётгани, хусусан, уламолар, имом-хатиблар ва диний соҳа ходимлари доимий равишда аҳолига имон-эътиқод, дину диёнат ва илму маърифат ҳақида маърифий суҳбатлар ўтказилаётгани тўғрисида Муфтий ҳазратлари алоҳида тўхталдилар.

Шу билан бир қаторда халқимиз эътиқоди софлигини муҳофаза қилиш ишлари нафақат мамлакат ичкарисида, балки ташқарисида ҳам фаол амалга оширилаётганига барчанинг эътиборини қаратдилар. Айниқса, Яқин Шарқ ва Афғонистон ҳудудларидан Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқишга қаратилган «Меҳр» операциялари, олиб келинганларнинг жамиятга мослашуви учун қилинаётган ишлар кўпчиликнинг эътирофига сазавор бўлди.

Янги Ўзбекистонда мазкур йўналишдаги тажрибалар, амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар Миср Араб Республикаси муфтийси, профессор Шавқий Иброҳим Аллом, давлат ва дин арбоблари томонидан юқори баҳоланди.
Анжуман давом этмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1571 times

Янгиликлар

Top