Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари ватандошлар билан суҳбат қурдилар

Шу йил 9 июнь куни Қоҳира шаҳрида ўтказилган халқаро анжумандан сўнг муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бир гуруҳ ватандошлар ва талабалар билан учрашдилар.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу мулоқотда Муфтий ҳазратлари ватандошлар ва талабалар билан самимий суҳбат қилиб, юртимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб бердилар.


Муфтий ҳазратлари сўзлари аввалида ҳар бир инсоннинг қалбидаги Ватанга бўлган муҳаббати уни доимо юртига талпиниб яшашга чорлаши ҳамда туғилган гўшаси, ота-онаси ва фарзанду аржумандларини соғинишга ундашини таъкидладилар. Расул алайҳиссалом, саҳобаи икромлар ва улуғ зотлар ҳам она юртга ўзгача муносабатда бўлганларини тарихий мисоллар орқали баён этдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлар идораси хорижда яшаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, ҳамкорлик қилиш шунингдек, меҳнат муҳожирлари эътиқодларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар қилинаётганини жонли мисоллар орқали етказдилар. Жумладан:


• ўтган Рамазон ойида 12 нафар ўзбекистонлик уламо АҚШдаги ватандошлар билан муборак ибодатларни бирга адо этиш баробарида маънавий-маърифий суҳбатлар орқали уларнинг руҳий оламини бойитишгани;
• Европа, Россия, МДҲ ва қўшни давлатлардаги ватандошлар билан ўзбекистонлик имом-домлалар доимий учрашувлар ташкил этиб келинаётганлари;
• Мисрда ўтказилган халқаро анжуманда эътироф этилган, Сурия ва Афғонистондаги уруш ўчоқларидан 500 дан зиёд Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтарилиши, уларга кўрсатилган эътибор;
• Украинадаги қалтис воқеалардан сўнг 6 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтарилгани ва уларнинг ишлашлари ҳамда ўқишни давом эттиришлари учун барча шарт-шароитлар берилганини айтиб ўтдилар.

Муфтий ҳазратлари Ўзбекистонда сўнгги йилларда дин соҳасида жуда катта хайрли ишлар бўлаётгани, хусусан мўмин-мусулмонларнинг шаръий эҳтиёжларини тўла қондиришга катта саъй-ҳаракат қилинаётганини айтиб, Мисрда таҳсил олаётган аҳли илмлар юртимизда фаолият олиб бораётган Қуръони карим ва тажвид курслари каби йўналишларга керак бўлишини таъкидладилар.


Ўзга юртда яшаш, ишлаш ва ўқиш осон эмаслигини Муфтий ҳазратлари таъкидлаб, ватандошларга ўзлари яшаб турган давлат қонунлари ва тартибларига жиддий риоя қилиш лозимлигини, акс ҳолда турли ташвишли оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигини тушунтирдилар. Шунингдек, ватандошлар мусофир юртларда туғилиб ўсаётган фарзандларини ватанга муҳаббатли қилиб тарбиялашлари зарурлигини уқтирдилар.
Мулоқотда ватандошлар вакиллари сўзга чиқиб, Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан дин соҳасидаги ўзгаришлардан жуда ҳам саодатли эканларини билдириб, бундай хайрли ишлар бардавом бўлишини тиладилар.
Шунингдек, Қоҳира шаҳрида ўтказилган халқаро анжуманда Муфтий ҳазратларининг соғлом эътиқодни асраш, мўътадиллик ва Ислом маърифатини тўғри етказиш борасидаги чиқишлари ҳамда амалий таклифлари барчага манзур бўлганини билдирди.


Ўз навбатида Мисрда мусофирчиликда бўлган ватандошларимиз ушбу учрашув учун миннатдорлик билдириб, файзли суҳбат Ватанни соғинган қалбларга таскин бўлгани, айниқса, шу каби ташрифлар улар учун фойдали бўлиши, келгусида илм ўрганиб, тажриба ҳосил қилгач, албатта, юртга қайтиб, халқимизнинг диний-маърифий савиясини ошириш йўлида хизмат қилишларини маълум қилдилар.
Муфтий ҳазратлари учрашув якунида Ҳақ таолодан, барча ватандошларга, иш ёки ўқиш билан Мисрда юрганларга сиҳат-саломатлик, омад ва муваффақиятлар тилаб, хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1296 times

Янгиликлар

Top