Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат жума намозини “Азҳари шариф” масжидида адо этдилар

Миср сафарида бўлиб турган муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ушбу диёрнинг таниқли уламолари билан бирга бутун дунёга машҳур “Азҳар” масжидида жума намозини минг-минглаб намозхонлар бирга адо этдилар. Муфтий ҳазратларинини ташриф буюришларини эшитган ватандошлар мазкур қадимий жомега тўп-тўп бўлиб келишди.

Ташриф асносида Муфтий ҳазратлари “Азҳар” жомеси уламолари ҳамроҳлигида қадим тарих ҳақида сўзловчи муҳташам масжид биносини кўздан кечирдилар, унинг ноёб архитектураси, намозхонларга қилинган шароитлар, толиби илмларнинг илм олиши учун яратилган имкониятлар тўғрисида маълумот олдилар. Сўнгра Муфтий ҳазратлари минг-минглаб намозхонлар йиғилган йирик жомеда Азҳари шарифнинг шайхлари, таниқли уламолари билан бирга жума намозини адо этиб, якунда хайрли дуолар қилинди.

Маълумот учун, Мисрда жойлашган дунёдаги энг кўҳна ва салоҳиятли Ислом дорилфунуни, жоме масжиди ва мадрасалардан иборат мажмуа Азҳар номи билан аталади. У фотимийлар саркардаси Жавҳар Сақалий томонидан ҳижрий 358 йили Қоҳира билан бир вақтда қурила бошлаган.

Шаҳар қурилган пайтда фотимий ҳукмдорлар ўзлари учун муҳташам сарой қуриш билан бир пайтда Азҳар масжидига ҳам асос солишган ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизлари Фотимаи Заҳронинг сифатига хослаб «Азҳар» (порлаб турувчи) деб номлашган эди.

Шундай қилиб, дунёга машҳур Азҳар масжиди 970–972 йиллари қурилган. Минг йиллар мобайнида масжид турли ҳукмдорлар томонидан бир неча марта қайта таъмирланган. Лекин шунга қарамай масжиднинг асл қиёфаси деярли ўзгармай келяпти.

Сафар жараёнлари ва муҳокама этилган мавзулар ижтимоий тармоқларимиз орқали ёритиб борилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1129 times

Янгиликлар

Top