Ўзбекистон янгиликлари

Макка шаҳридаги Ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган меҳмонхона (фотолавҳа)

Айни кунларда ҳаж ибодатига тайёргарлик кўраётган зиёратчиларимиз Макка шаҳрининг “Азизия” даҳасидаги кўркам, 25 қаватли, ҳашаматли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда.
Ҳожилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхона тоза ва озода ҳолга келтирилиб, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан мазкур меҳмонхонадан барча ҳожиларимизга яхлит жой ҳозирланган.
Меҳмонхонанинг кириш фойесига илинган “Ўзбекистон” ёзуви ва давлатимиз байроғи бу бинога ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашишидан далолат бериб турибди
Таъкидлаш жоизки, меҳмонхона томонидан тақдим этилган хизматлардан юртимиз ҳожилари мамнун бўлишмоқда. Ушбу меҳмонхона қулайликлари ҳақида гапирганда, аввало, ҳар бир хона шинам қилиб ҳозирланган, унда ювиниш хонаси мавжудлиги, совуткич, музлаткич, стол-стул, журнал столи, телефон, телевизор ва замонавий мебеллар билан жиҳозланганини таъкидлаш керак.

Яна шуни айтиш керакки, меҳмонхона ошхонасида бир пайтда 4000 киши таомланиши учун мўлжалланган ўринлар ҳозирланган.
Шунингдек, тиббиёт маркази, ишчи гуруҳи штаби, мажлислар зали ҳамда эркак ва аёллар намозхонасига алоҳида жойлар ажратилган. Қолаверса, меҳмонхонада кўп сиғимли бир неча лифтлар ҳам мунтазам ишлайди.
Меҳмонхонанинг яна бир қулайлиги шуки, битта асосий йўл бўйлаб “Ҳарами шариф”га бориш мумкин. Шунингдек, меҳмонхона Мино водийсига қулай ҳудудда жойлашганлиги сабабли асосий ҳаж ибодатлари даврида зиёратчиларни у ерга олиб чиқиш ва қайтариб олиб келишда кўп енгилликлар бўлади. Меҳмонхона атрофидан серқатнов, катта йўл трассаси бўлмагани ҳам ҳожилар эркин ҳаракат қилиш имконини беради.
Ҳаж ибодатига киришаётган юртдошларимизни Аллоҳ таоло ибодат ва дуоларини қабул қилиб, сафарларини бехатар айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1353 times

Янгиликлар

Top