Ўзбекистон янгиликлари

Диний идора матбуот хизмати такдирланди

Бугун, 25 июнь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни”га бағишлаб тадбир ўтказилди. Унда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, журналистлар, Академия ўқитувчи ва ходимлари қатнашди.

Тадбирни Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистонда журналистларнинг байрами алоҳида санада байрам тарзида кенг нишонланиши, ушбу соҳа вакилларига Президентимиз ҳар йили байрам табриги йўллаши, Ватанимизнинг янги тараққиёт босқичида барча жабҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам улкан ўзгариш ва ислоҳотлар бўлаётгани, буни юртимиз ва бутун дунё аҳолисига етказишда журналистларнинг хизмати беқиёс экани, улар билан ҳамкорлик қилиш катта шараф бағишлашини таъкидлаб, ушбу байрам билан барча оммавий ахборот воситалари ходимларини табриклади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров сўзга чиқиб, ташкилотчиларга ОАВлари номидан таклиф ва табрик учун миннатдорчилик билдирди. Сўнг Президентимиз саноқли соҳа вакиллари қатори оммавий ахборот воситари вакилларини ҳам касб байрами билан табриклаши ушбу соҳанинг жамиятимиздаги нуфузи ва ўрнини кўрсатишини қайд этди.

Тадбир давомида матбуот, телерадио, интернет ва ташкилотлар Мабуот хизматлари журналистлари, хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати ходимларига “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди.

Тақдирлаш маросимидан сўнг ОАВлари вакиллари ҳам сўзга чиқиб, эътибор ва эҳтиром учун миннатдорчилик билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1419 times

Янгиликлар

Top