Ўзбекистон янгиликлари

Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш, журналистика соҳасини ривожлантириш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки:

а) 2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар:

оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди, реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари бундан мустасно;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилади;

б) 2023 йилдан бошлаб тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда бошқа муассасаларга 110 нусха даврий босма нашрлар ва 67 нусха китоб маҳсулотларининг мажбурий бепул нусхаларини юбориш амалиёти бекор қилиниб, улар томонидан босма маҳсулотларни харид қилиб олиш тартиби жорий қилинади (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бундан мустасно). Бунда, тегишли давлат органлари томонидан харид қилиб олиш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратилади;

в) бюджет ташкилотларига улардаги “кутубхона фонди” харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 октябрдан бошлаб болалар учун мўлжалланган теле- ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва эфирга узатиш бўйича ҳар йили энг яхши 30 та лойиҳа учун ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваригача миқдорда бўлган танлов эълон қилинади. Бу борадаги харажатлар Ахборот
ва оммавий коммуникациялар агентлигига қўшимча ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

3. Фаол журналистларни мунтазам рағбатлантириш ва улар ўртасида ижодий соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ҳар чоракда:

оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган 100 тагача энг яхши материал учун муаллифлар (ижодий гуруҳ аъзолари) қуйидан юқорига ўсиб бориш тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда пул мукофоти билан тақдирланади;

амалий ва долзарб аҳамиятга эга бўлган 100 тагача энг яхши таҳлилий материални тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш учун давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмаларини бериш бўйича танлов эълон қилинади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А. Ходжаев) энг яхши материалларни кенг жамоатчилик ва малакали мустақил экспертлар томонидан очиқ ва шаффоф усулда электрон аниқлаш тизими – махсус электрон платформани ишга туширсин.

Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

4. 2023 йилдан бошлаб журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловни демократик тамойиллар асосида янада очиқ ва шаффофлик билан ўтказишга эътибор қаратилсин, шунингдек, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндорлари:

бош миллий мукофот учун – автомобиль;

биринчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари;

иккинчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 175 баравари;

учинчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари;

12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бири учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирлансин.

Белгилансинки, “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар “Илҳом” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қопланади.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) барча давлат органлари ва ташкилотлари ўз муассислигидаги даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шакли, шу жумладан, мобиль иловалари тегишли давлат органлари ва ташкилотларига 2022–2024 йилда ажратилган Давлат бюджети ҳамда уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан яратилишини ташкил этади, кейинги йилларда уларни модернизация қилиш учун маблағ ажратиб боради;

б) 2023 йил январдан бошлаб:

давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида бўлмаган ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганига камида икки йил бўлган даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шаклини, шу жумладан, уларнинг мобиль иловаларини яратиш ҳамда модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш харажатларини қоплаш учун 2026 йил 1 январга қадар ҳар йили энг яхши 20 та лойиҳа бўйича танлов эълон қилинади. Бунда, ҳар бир танлов учун Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлган миқдорда маблағ ажратилади;

даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига масофадан туриб обуна бўлиш ва уларнинг буюртмачигача ўз вақтида етказиб берилишини кузатиб бориш имконини берадиган “Обуна” ягона электрон платформаси, шу жумладан, унинг мобиль иловаси яратилади;

2026 йил 1 январга қадар жисмоний шахслар томонидан “Обуна” ягона электрон платформаси орқали обуна қилинган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий, илмий-оммабоп даврий босма нашрлар обуна нархининг 10 фоиз, болалар учун мўлжалланган даврий босма нашрлар обуна нархининг 20 фоиз миқдори Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан обуначиларнинг банк карталарига бир ой муддат ичида қайтарилади (“Cashback”), реклама хусусиятига эга бўлган даврий босма нашрлар бундан мустасно. Бунда, ушбу харажатлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига қўшимча ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Х. Шерматов) ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А. Ходжаев) 2022 йил якунига қадар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Обуна” ягона электрон платформаси, шу жумладан, унинг мобиль иловасини яратсин ва электрон тўлов тизимлари билан интеграция қилсин ҳамда унинг доимий равишда модернизация қилиниши, техник қўллаб-қувватланиши ва фаолият юритишини таъминласин.

6. Журналистика соҳасида кадрлар тайёрлаш жараёнини амалиёт билан интеграция қилиш, кадрларнинг малакасини ошириш ва журналистларнинг хорижий тилларни ўрганишини рағбатлантириш мақсадида 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) олий таълим муассасаларида журналистика йўналиши бўйича таълим берадиган профессор-ўқитувчиларнинг муаллифлик кўрсатув ва эшиттиришлари ҳамда йирик таҳлилий мақолалари уларни моддий рағбатлантириш нуқтаи назаридан илмий мақолага тенглаштирилади;

б) оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, матбаа корхоналари ва ахборот хизматларида камида беш йил ишлаган ҳамда ушбу йўналишлар бўйича олий таълим муассасаларида дарс бераётган, Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига эга бўлган шахслар меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларига кўра 1-иловага мувофиқ профессор ва доцент илмий унвонига эга бўлган шахсларга тенглаштирилади;

в) олий таълим муассасалари ректорларига журналистика соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш жараёнига оммавий ахборот воситаларининг таниқли ва тажрибали ходимларини, соҳанинг етук мутахассисларини жалб қилиш ва улар меҳнатини олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш ҳуқуқи берилади;

г) журналистика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари кафедраларининг ихтисослаштирилган бўлимлари 2-иловага мувофиқ ташкил этилади;

д) оммавий ахборот воситаларида камида бир йил давомида асосий иш жойи сифатида ишлаб келаётган журналистлар ва таҳририят ходимларининг:

хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилинади. Бунда, улар хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши ҳамда нодавлат таълим ташкилотида ўқиш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларни исботловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим;

хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш учун имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ компенсация қилинади.

Бунда, ушбу “д” кичик бандда белгиланган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

7. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси олий органи қарори билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси деб қайта номлангани маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 16-уй манзилдаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

Белгилансинки, 2023–2024 йилларда 50 нафар журналист ва таҳририят ходимлари хориж мамлакатларига малака ошириш, тажриба ўрганиш, стажировка ўташ ва нуфузли медиа тадбирларда иштирок этиш учун юборилади ҳамда улар учун хорижлик малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда ўқув курслар ташкил этилади. Бу борадаги тегишли харажатлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар йили Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг тегишли ҳудудий бўлимлари фаолиятини самарали ташкил қилиш, сақлаш харажатларини қоплаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан белгиланган тартибда субсидия сифатида маблағ ажратиб бориш чораларини кўрсин.

8. Журналистларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг қуйидагиларни уюшма томонидан амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

журналистлар ва давлат органлари, жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келган низоларнинг судгача ҳал этилишига кўмаклашиш;

журналистларнинг профессионал фаолиятига тааллуқли жиноят ишлари бўйича иш юритишда уларнинг жамоатчилик ҳимоячилари сифатида қонунда белгиланган тартибда иштирок этиш;

теле- ва радиоканалларнинг бадиий кенгашлари фаолиятига жалб қилинган малакали экспертларни Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан доимий равишда рағбатлантириб бориш.

9. Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси олий органи қарори билан Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси деб қайта номлангани маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси томонидан тавсия этилган медиа лойиҳаларни амалга ошириш режаларига мувофиқ вазирлик, идора, ташкилот ва ҳокимликларга уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шартнома асосида медиа маҳсулотлар яратиш, уларни реализация қилиш ҳамда бошқа медиа лойиҳаларни амалга оширишга рухсат берилади.

10. Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига оммавий ахборот воситалари учун грантлар, ижтимоий буюртмаларнинг сони ва миқдорини ошириб бориш ҳамда бу борада алоҳида танловлар ўтказиш тавсия этилсин.

11. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Х. Шерматов) Адлия вазирлиги (Р.Қ. Давлетов), Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А. Ходжаев) билан биргаликда уч ой муддатда телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштириш ва қуриш, телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун белгиланган давлат божи миқдорини 50 фоизгача камайтириш ҳамда уни йил давомида бўлиб-бўлиб тўлашни жорий қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда, қуйидагилар учун давлат божининг алоҳида миқдорлари назарда тутилади:

телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштириш ва қуриш;

мамлакат миқёсида телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) ёки ҳудудий телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш);

радиоэшиттиришларни тарқатиш.

12. Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй манзилида жойлашган “Матбуот уйи” бино ва иншоотлари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилсин.

Белгилансинки, ушбу бинога даврий босма нашрларнинг таҳририятлари ижара ҳақи тўламасдан (коммунал тўловлар ва кўрсатиладиган бошқа хизматлар бундан мустасно) жойлаштирилиши мумкин.

13. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.А. Артикходжаев) Қурилиш вазирлиги (Б.И. Закиров), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.М. Бобоев), Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) билан биргаликда:

ушбу қарорнинг 12-бандида келтирилган бино ва иншоотлар ҳамда уларга туташ ҳудудда замонавий медиа шаҳарча ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни 2023–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритсин;

ушбу лойиҳа бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш учун 2022–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида иқтисод қилинган ва ўзлаштирилмаган маблағлар ҳисобидан етарли миқдорда маблағ ажратиш чораларини кўрсин.

Замонавий медиа шаҳарча лойиҳаси якунига етказилгунига қадар Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ўз фаолиятини Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 42-уй манзилида жойлашган бинода давом эттирсин.

14. 2022–2023 йилларда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда журналистика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари дастурда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан масъул эканликлари кўрсатиб ўтилсин.

15. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.А. Ходжаев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–3184-сон қарори 2-бандининг учинчи хатбошисидаги, 5-бандининг иккинчи хатбошисидаги, 10-бандидаги ҳамда қарорга 1-илованинг ўн бешинчи хатбошисидаги тегишли келишикдаги “Журналистлар ижодий уюшмаси” сўзлари тегишли келишикдаги “Журналистлар уюшмаси” сўзлари билан алмаштирилсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3195-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.А. Ходжаев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Ш.И. Асадов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                     Ш. Мирзиёев

Read 1158 times

Янгиликлар

Top