Ўзбекистон янгиликлари

Диний соҳа вакиллари Конституцияга оид қонун лойиҳасини муҳокама қилди

Бугун, 29 июнь куни Дин ишлари бўйича қўмитада “Конституция – миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва эътиқод эркинлигимиз гаровидир” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси, юридик фанлари доктори, академик Акмал Саидов маърузачи сифатида иштирок этди.

ZOOM платформаси орқали ташкил этилган анжуманда Диний қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ходимлари, вилоят ҳокимлари ўринбосарлари, вилоят, шаҳар-туманлар бош имом-хатиблари, диний таълим муассасалари раҳбар ва ўқитувчилари, ноисломий диний ташкилотлар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари қатнашди.

Йиғилиш аввалида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини эълон қилгани, унда асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилгани, ушбу қонун лойиҳасида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан берилган таклифлар ҳам ўрин олганини таъкидлади. Шу билан бирга кейинги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгилик ва ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг академик Акмал Саидов сўзга чиқиб, сўнгги беш йилда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётгани, бунинг замирида аввало инсон хуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқларининг энг олий қадрият сифатида тан олиниши каби ҳаётий тамойил ётгани эътироф этиб, бугунги ислоҳотлар даврида Конституцияга ўзгартириш киритишга катта эҳтиёж сезилаётганини алоҳида таъкидлади.

Тадбир давомида Янги Ўзбекистонга ҳамда унинг тараққиётига жавоб берадиган янги қоидаларни киритиш кераклиги қайд этилиб, у Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳуқуқий асоси экани, фуқароларнинг бурч ва мажбуриятлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаши, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиши, таълим, фан, маданият ҳамда маънавият ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1233 times

Янгиликлар

Top