Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий мажмуаси диний, маърифий, маданий марказ бўлади

Имом Бухорий мақбараси ислом олами учун табаррук зиёратгоҳлардан бири бўлиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бугунги кунда мажмуа қайта қурилмоқда. Қарийб 10 минг намозхонга мўлжалланган масжид, тўртта минора, айвонлар барпо этиляпти. Мажмуа ёнида меҳмонхоналар, автотураргоҳ, автобекат, ошхоналар, савдо расталари, таҳоратхоналар қурилади.

Бу жараён Президентимизнинг доимий эътиборида ва ҳар гал Самарқандга келганида қурилиш ишлари билан танишиб ўз тавсияларини бермоқда. 15 июль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи давомида Имом Бухорий қабрини ҳам зиёрат қилди. Мажмуада амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Ўтган галги ташрифида берилган топшириқлари қай даражада бажарилаётганини кузатди. Зиёратчиларга барча қулайликларни, жумладан, Қуръон ва ҳадис каби муқаддас китобларни эркин ўқиб ўтиришлари учун шароитлар яратиш, мажмуага кираверишдагиларидан ташқари, ичкарироқда ҳам замонавий таҳоратхона қуриш, мақбарага кўтарилишда ногиронлик аравачасида келадиган зиёратчилар учун пандусли йўлаклар барпо этиш ва бошқа масалалар бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

– Иншооллоҳ, бу мажмуа очилганидан кейин зиёратчилар янада кўпаяди. Айниқса, нуронийлар кўп келади. Улар учун барча қулайликларни инобатга олиш керак. Бу жой нафақат диний ва маърифий, балки улкан маданий марказ ҳам бўлиши зарур. Шу боис энг яхши гулчиларни олиб келиб, мажмуани қишин-ёзин гулзор қилиб қўйиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Янгиланаётган мажмуа зиёрат туризмининг йирик марказларидан бирига айланиши учун барча имкониятлар мавжудлиги, улардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Маҳмуд ИБОДУЛЛАЕВ,

Имом Бухорий масжиди фахрий имоми

ЎзА.

Read 938 times

Янгиликлар

Top