Ўзбекистон янгиликлари

Ҳатем Аҳмад: узоқ йиллар Бухоро ва Самарқандни зиёрат қилишни орзу қилганман

19 июль куни Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасида Миср фуқароси, математика фани бўйича малакали педагог Ҳатем Аҳмад билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбатдош сўзларига кўра, у узоқ йиллар давомида Ислом тамаддуни марказларидан ҳисобланган Бухоро ва Самарқандни зиёрат этиш, математика фани асосчиси Хоразмий юртида бўлишни орзу қилиб келган.

Ҳатем Аҳмад Ўзбекистон расмийлари билан ўтказилган қатор учрашув ва музокаралар натижасида Тошкент шаҳридаги Президент мактабида ишлашга таклиф этилганини таъкидлар экан, ўзбекистонлик ёш ўқувчиларга малакали таълим бериш учун бор куч-ғайратини ишга солишини билдирди.

Ҳозирда элчихона томонидан мисрлик педагогнинг Ўзбекистонга сафарига оид ташкилий масалаларда амалий кўмак берилмоқда.

Ҳатем Аҳмад “Айн Шамс” университетини математика фанлари йўналишида тамомлаган. Шунингдек, Қоҳира шаҳридаги Америка университетида математика фанини инглиз тилида ўқитиш бўйича қўшимча таълим олган. У ўз соҳасида 15 йиллик иш малакасига эга бўлиб, бунга қадар Миср ва Саудия Арабистонидаги нуфузли халқаро мактабларда дарс берган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 816 times

Янгиликлар

Top