Ўзбекистон янгиликлари

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ТАРҚАЛГАН ЧИҚИШЛАРГА  МУНОСАБАТ

 Шу йилнинг 25 июлидан эътиборан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва бир гуруҳ юртимиз уламолари Самарқанд вилоятида мўмин-мусулмонлар билан яқиндан мулоқот қилиш ҳамда жоме масжидларда намозхонларга мавъиза қилиш мақсадида, ушбу вилоятнинг турли ҳудудларида бўлдилар.

Мазкур сафар давомидаги аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар, масжид қавмлари ила маърифий суҳбатлар ҳамда халқимизнинг диёримиз имомлари, хусусан, Муфтий ҳазратларига бўлган ҳурмат-эҳтиромлари кўпчиликни мамнун этди. Бундай лаҳзалар ижтимоий тармоқларимиз орқали ҳам кенг ёритилди (линкларимиз).

Мана шундай файзли суҳбатлардан бири шу йил 29 июль куни Самарқанд шаҳрида жойлашган "Намозгоҳ" масжидидаги жума намозига йиғилган катта жамоат билан бўлди. Ушбу жомедаги мавъизадан таъсирланган масжид қавми якунда Муфтий ҳазратларининг дуоларини олиш учун йўл ёқасига қадар тўп-тўп бўлиб, кузатиб бордилар.

Лекин айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қайд этганимиздек, Муфтий ҳазраларини зиёрат қилишга интилган мўмин-мусулмонларини гўёки “Афғонистон Муваққат ҳукумати вакиллари (“Толибон”) мухлислари”, дея асл вазиятдан одамларни чағитишга уриниб, ижтимоий тармоқларда турли изоҳлар ёзганлар.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Тошкент шаҳрида ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этган Афғонистон Муваққат ҳукумати делегацияси ҳам мазкур жума намозида қатнашди.

Таъкидлаш керакки, эълон қилинган ижтимоий тармоқ материалларидан яққол намоён бўлмоқдаки, мўмин-мусулмонлар Муфтий ҳазратларини зиёрат қилиш ва у кишининг дуоларини олиб қолишга интилганлар (линкларимиз).

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан ҳақиқатга тўғри келмайдиган бундай изоҳларни ёзмаслик ва уларни тарқатмасликни илтимос қиламиз.

Аҳоли орасида асоссиз маълумотларни тарқатиш Ислом дини таълимотларига кўра, гуноҳ, қонунчиликда эса жавобгарликка омил эканини эслатиб ўтамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1241 times

Янгиликлар

Top