Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва «CrescentRating» ташкилоти "Muslim guide book" китобини тайёрлайди

Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Сингапурнинг «CrescentRating» ташкилоти ижрочи директори Фазал Баҳардин билан учрашди. Унда вазир Хива шаҳрининг «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» дея эълон қилингани катта ютуқ эканлигини алоҳида таъкидлади.
Фазал Баҳардин юртимизга ташрифи давомида Ўзбекистонда Ислом мамлакатларидан келаётган туристларни қабул қилиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Шунингдек, у зиёрат туризми ҳафталиги давомида "Halal Food Market in Uzbekistan" тадқиқотини якунлаб, намойиш этиш ниятида эканлигини билдирди.
Якунда Вазирлик ва «CrescentRating» ташкилоти қуйидаги лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олишди:
— ноябрь ойида Зиёрат туризми ҳафталигини ташкил этиш, экспертларни жалб этишда ҳамкорлик қилиш;
— хорижий сайёҳларга кўрсатиладиган хизмат турлари ва сифатини ўрганиш учун ҳамкорликда тадқиқотлар ва сўровномалар ўтказиш;
— «CrescentRating» ташкилотига Ўзбекистонда ваколатхона очишда амалий кўмак бериш;
— Ўзбекистонда амалга оширилаётган йўлбўйи санитария инфратузилмасини яхшилаш бўйича лойиҳаларда Малайзия ва Сингапур тажрибасини ўрганиш ҳамда вазирликка консултатив ёрдам кўрсатиш;
— Ўзбекистон ва асосий туризм шаҳарлари учун "Muslim guide book" китобини тайёрлаш ҳамда нашр қилиш («CrescentRating» ташкилотининг Нью-Йорк шаҳри ва Кейптаун шаҳарлари учун яратилган қўлланмалари мисолида);
— Ўзбекистонда Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари турфирмалари билан ҳамкорликда “Umra trip training center” марказини ташкил қилиш масаласини ўрганиш ва бошқалар йўналишлар бўйича.
Маълумот учун: «CrescentRating» ташкилоти “Global Muslim Travel Index” («Жаҳон мусулмон саёҳати индекси») халқаро рейтингини тузиб боради. 2022 йилги рейтингда Ўзбекистон 9-ўринда қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1105 times

Янгиликлар

Top