Ўзбекистон янгиликлари

«ОМИЛХОН ЭШОН»  ЖОМЕ МАСЖИДИ ОЧИЛДИ

Хушхабар

 

Масжид – мўмин-мусулмонларнинг Аллоҳ таолога ибодат қилишлари учун барпо этилган табаррук маскан. Шу боис шариатимизда масжид “Байтуллоҳ”, яъни “Аллоҳнинг уйи” деб аталади. Халқимиз масжидларга алоҳида эҳтиром кўрсатади, Аллоҳнинг уйини ҳар жиҳатдан обод қилишга интилади.

“Тўйга тўёна билан” деганларидек, энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами арафасида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Омилхон Эшон” жоме масжидининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, туман ҳокими Ускенбой Атемов, имом-домлалар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар иштирок этди.

Аслида, масжидни имони мустаҳкам кишиларгина обод қиладилар. Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар» (Тавба сураси, 18-оят), деб марҳамат қилган.

Муфассирларнинг таъкидлашича, ободлик икки турдан иборат: ҳиссий – уни қуриш, тузатиш, тозалаш, таъмирлаш, вайрон этишдан сақлаб қолиш; маънавий – намоз ўқиш, зикрда бўлиш, дуо қилиш, улуғлаш ва ибодат учун қатнашдан иборат.

Ҳадиси шарифларда ҳам масжиднинг ободлигига ҳисса қўшган кишиларга улуғ ажрлар ваъда қилинган. Абу Саид  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Aгaр бирoв мaсжидни тaъмирлaётгaнини кўрcaнгиз, унинг мўминлигигa гувoҳ бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳгa вa oхирaт кунигa имoн кeлтиргaн кимcaлaр мacжидлaрни oбoд қилaди”, – дeгaн», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Дарҳақиқат, бугун юртимизда масжидларни ҳар жиҳатдан обод қилаётган азизларимиз чинакам Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, динимиз аҳкомларини тўлиқ бажараётган солиҳ кишилардир. Уларнинг ҳар биридан Аллоҳ рози бўлсин.

“Омилхон Эшон” жоме масжиди бир асрдан зиёдроқ тарихга эга. Масжид 1900 йили қурилиши бошланиб, 1902 йил битказилган. 1992 йил бу жоме ёниб кетган ва 1993 йил қайтадан ҳашар йўли билан барпо этилган. Эски масжиднинг биноси сиғими 200–250 киши эди.

Мўмин-мусулмонлар сафи кенгайиши туфайли масжидни қайтадан қуришга  2019 йил киришилди. Уч йил давомида ҳудудда гўзал масжид қад ростлади. Янги масжидда бир вақтнинг ўзида 600 киши бемалол ибодатлари адо эта олади. Янги жомега монанд тарзда барпо этилган таҳоратхонада ҳам зарур барча шароитлар муҳайё.

Аллоҳ таоло янги масжидни мўмин-мусулмонларга муборак қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Read 1072 times

Янгиликлар

Top