Ўзбекистон янгиликлари

Долзарб мавзудаги маърифий суҳбатлар бугун ҳам давом этди

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир», дея мараҳамат қилади.
Уламоларимиз бу оятларни шарҳлаб бундай дейдилар: Аллоҳга ҳақиқий иймон келтирган ва унинг йўлида ҳақиқий биродар бўлган жамоа яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган умматдир. Амри маъруф–наҳйи мункар ишлари яхши йўлга қўйилган жамиятдагина яхшилик ёмонлик қилишдан осон бўлади. Ҳақиқат ботилдан устун, адолат зулмдан устун туради. Агар бу уммат бошқа фарзлар қатори ушбу фарзни ҳам ўз ўрнида адо қилса, бахт-саодатга эришади.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда жамоатни яхшиликка чақириш, диний-маърифий билимларини бойитиш борасида кўплаб саъй-ҳаракатлар қилинаётирки, бу динимиз ривожи, халқимиз маърифати равнақига хизмат қилмоқда. Айниқса, шу кунларда республикамиз масжидларида давом этаётган илмий-маърифий суҳбатлар шу жиҳатдан манфаатли бўлмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги масжидларга ташриф буюриб пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб бермоқдалар.
Бундай маърифий суҳбат куни кеча пойтахтимизнинг “Минор” жоме масжидида бўлиб ўтди. Унда Чилонзор тумани “Новза” жоме жоме масжиди имом хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқулов хуфтон намозига ташриф буюриб, намозхонларга муҳим мавзуда таъсирли маъруза қилиб бердилар. Бундай манфаатли мулоқот Абдуқаҳҳор домла Юнусов иштирокида Юнусобод тумани “Муҳаммад Носир ҳожи” жоме масжидида бўлиб ўтди. “Қосим” жоме масжиди имом хатиби Қосимжон қори Каримов меҳмон бўлган «Кулол Қўрғон» жоме масжиди жамоаси эса хуфтон намозидан сўнг Қосимжон қори домланинг “Омонатдорлик олий бахт” мавзусидаги маърузасини тингладилар.
Мазкур илмий суҳбатлар бугун ҳам давом этди. Унда Юнусобод тумани “Омина” жоме масжидига пешин намозига Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ташриф буюриб, “Устозларга эҳтиром" мавзусида суҳбат қилиб бердилар. Иброҳимжон домла ўз маъразасида ўқитувчилик касбининг машаққати, бу касбга юксак сабр ва матонат талаб қилиниши сабабли ҳам унинг ажру савоби беқиёслигини таъкидлаб, ояту ҳадисиардан далиллар келтириб шарҳладилар.
Бундай жонли суҳбатлар “Юнусобод” жоме масжидида ҳам бўлиб ўтди. Унда Муҳаммадамин домла Алихонов намозхонларга "Тақво ва унинг фазилати" ҳақида кенг тушунча бериб, йиғилганларга гўзал мавиъза қилдилар.
Илмий-маърифий суҳбатлар давом этмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 895 times

Янгиликлар

Top