Ўзбекистон янгиликлари

Тинчликнинг асраб-авайлаш ҳар мўминнинг бурчидир

Инсоният эзгу мақсадини, орзу-умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталикдир. Бугун бу неъмат ҳар қачонгидан ҳам қадрлироқ туюлмоқда. Чунки жаҳонга кечаётган турли таҳдиду урушлар ҳар кимни огоҳ бўлишга, тинчликнинг асраб-авайлашга ундамоқда. Шу боис, бугун юртимиз бўйлаб жума намозларида қилинган маърузалар ҳам ана шу долзарб мавзуда бўлди.

Шу кунларда юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари Тошкент вилояти масжидларга ташриф буюриб жума намозини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб бераётгани ҳақида хабар берган эдик. Ана шу ташрифларнинг давоми сифатида бугун уламоларимиз Тошкент туманидаги масжидларда бўлишиб, жамоатга “Тинчлик – олий неъмат” тўғрисида мавъиза қилиб, ояту ҳадислардан далиллар келтириб, ҳаётий воқеалар асосида суҳбат қилдилар. Шу билан бирга намозхонларни осойишталикни асрашга, қадрига етишга ва бу кунларга шукрона айтишга ундадилар. Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик дини эканлиги ҳақида сўз юритдилар.

Хусусан, "Хасанбой ота” масжидига йиғилганлар намозхонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномовнинг мазкур мавзудаги маърузасидан баҳраманд бўлиб катта манфаат олдилар.

Таниқли уламолар иштирокидаги бундай жума мавъизалари “Ҳамд” масжидида Абдуқаҳҳор домла Юнусов, "Хасан ибн Собит” масжидида Исоқжон домла Бегматов, “Ҳазрати Билол” масжидида Ҳасан домла Қодиров, “Ҳожи ота” масжидид Закариё домла Ҳафизуллаев, “Чувалачи” масжидида, Ибн Турсун Билол қори, "Эшон бува” масжидида Бахтиёр домла Сатторов, "Эшонхўжа ота” масжида Зиёвуддин домла Мирсодиқов, “Эшонбува” жоме масжидида Жасур домла Раупов иштирокида бўлиб ўтди.

Жума намозлари сўнггида жамоат ва юртимиз ҳақига хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1019 times

Янгиликлар

Top