Ўзбекистон янгиликлари

Таниқли уламолар Чирчиқ шаҳри масжидларида

Бугун, 13 сентябрь куни юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри масжидларига ташриф буюриб, пешин ва хуфтон намозини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб бердилар.
Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов “Амир ўғли Хасанбой” масжидига ташриф буюриб, пешин намозидан сўнг йиғилган жамоатга “Инсон қадри” ҳақида маъруза қилди. Устоз ўз сўзида Исломгача бўлган жоҳилият даврида инсон қадр-қиймати қанчалик аянчли бўлгани ва ундан кейинги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида қай даражада юқорига кўтарилганини ҳадислар асосида тушунтириб берди. Шу билан бирга Қуръони каримда инсонни улуғловчи оятлардан ўқиб, уларни атрофлича шарҳлаб, унинг мазмун-моҳияти йиғилганларга етказди. Шунингдек, айни кунда ҳам динимиз таълимотига мос равишда юртимизда инсон қадрини улуғлашга катта эътибор берилаётганини қайд этди. Бундай гўзал ва таъсирли мавъизадан йиғилганлар мамнун бўлиб, Иброҳимжон домлага ўз миннатдорликларини билдирдилар.
Бундай манфаатли маърузалар “Ўрта Маҳалла” масжидида Абдуқаххор домла Юнусов, “Марказий” масжидида Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров иштирокида ҳам бўлиб ўтди. Унда Абдуқаҳҳор домла намозхонларга ибодатнинг мағзи бўлган – дуо ва унинг фазилатлари ҳақида сўз юритиб, қандай дуолар ижобат бўлиши, нималарга эътиборли бўлиш кераклигини ҳақида жамоатга кенг тушунча берди. Муҳаммадраҳим домла эса масжидга йиғилганларга “Бир оят тафсири ёки неъматларга шукрона келтириш” ҳақида манфаатли маъиза қилдилар.
Эътиборлиси, мазкур масжидлар жамоати хуфтон намозидан сўнг ҳам ана шундай диний-маърифий суҳбатлардан баҳраманд бўлиб, бу борадаги билимларини мустаҳкамлаб, катта манфаат олдилар.
Суҳбатлар якунида доимгидек савол-жавоблар бўлиб, уламолар жамоат билан бирга Ҳақ таолодан юртимизга тинчлик-офият, файзу барака ва тан-сиҳатлик сўраб дуолар қилдилар.
Аллоҳ таоло уламоларимизнинг суҳбатларини манфаатли ва давомли қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 917 times

Янгиликлар

Top