Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат диний соҳа ходимларини жиддий огоҳлантирди

Куни кеча, 21 сентябрь куни республикадаги туман-шаҳар бош имом-хатибларининг ўта танқидий руҳда ўтган йиғилишида Муфтий ҳазрат барча диний соҳа ходимларини жиддий огоҳлантирди.

Мажлисда айрим имом-домлалар босар-тусарини билмай қолгани, амалдаги қонун талабларини менсимаётгани ва мўмин-мусулмонлар бўлинишига сабабчи бўлаётгани диний соҳага катта доғ эканини афсус билан қайд этилди.

Муфтий ҳазрат юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳуқуқий давлат ва қонун устувор бўлган жамиятда истиқомат қилиши, барча қонун олдида тенг эканини, шу боис, нима касб қилиш ва қандай лавозим эгаси бўлишидан қатъий назар барча қонунга амал қилиши зарур эканини алоҳида таъкидлади.
Агар-да, ҳуқуқий нормаларини менсимай, одамларни тафриқага чақирса, муайян шахс, ҳудуд ё касб эгаларига нисбатан таҳқирлашларга йўл қўйса, мавжуд ҳолатни қонун доирасидан четда ҳал қилишга уринса, ҳар қандай диний соҳа ходими салоҳияти ёки қанча йил меҳнат қилганига қарамай вазифасидан озод қилинишини Муфтий ҳазрат қатъий билдирди. Қонунга итоат – раҳбарга итоат, бу эса динимиз талаби ҳисобланиши эслатилди. Асосий мезон ҳалоллик, тақво, садоқат ва итоатда экани баён этилди.

Мана шундай қўпол хато-камчиликларга йўл қўйган 15 нафар имом-хатиб, 6 нафар имом-ноиби ва 2 нафар вилоят муҳтасиби ўтган 8 ойда вазифадан бўшатилгани, шунингдек, 19 нафар диний соҳа ходимига “ҳайфсан” жазоси берилгани маълум қилинди.
Шунингдек, ушбу йиғилишнинг ўзидаёқ 4 нафар туман бош имоми ишдан олинди ва 1 нафарига интизомий чора қўлланди.

Шунингдек, барча диний соҳа ходимлари иш фаолиятини тартибга солиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 1119 times

Янгиликлар

Top