Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Масжидлар сони 2115 тага етди!

Аллоҳнинг байти – масжидларни обод қилишга бугун ҳар қачонгидан ҳам эътибор кучайган. Чунки бу маърифат масканлари мўмин-мусулмонларнинг илмини ошириш, билимини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, халқимизнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун айрим масжидлар қайта қурилиб, янги қиёфа кашф этаётган бўлса, яна айримлари янги очилмоқда.

Қува туманининг Акбаробод қишлоғидаги «Акбаробод» жоме масжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, ўз фаолиятини бошлади. Шу муносабат билан тадбир ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Ж.Хатамов, туман ҳокими Ҳ.Умаров, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳамда бир гуруҳ нуроний ва маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар барчани янги очилган масжид билан муборакбод этиб, давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритиб, албатта, яратилаётган имкониятлар замирида инсон қадрини юксалтириш, халқни рози қилиш бош мақсад қилинганини қайд этдилар.

Шундан сўнг, «Акбаробод» жоме масжиди давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома топширилди.

Тадбир сўнгида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, ислоҳотлар бардавом бўлиши ҳамда ушбу даргоҳ мўмин-мусулмонлар учун ибодат, илм-марифат ва тарбия маскани бўлишини тилаб дуолар қилинди.

 

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Read 1130 times

Янгиликлар

Top