Ўзбекистон янгиликлари

Бекободда Қуръон курси очилди

Аввал Тошкент вилоятининг бешта шаҳри – Ангрен, Бекобод, Нурафшон, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларида Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш ўқув-курслари фаолиятини йўлга қўйиш учун лицензия олингани ҳақида хабар берган эдик.

Аллоҳга шукр, бугун, 28 сентябрь – Рабиул аввал ойининг иккинчи куни Бекобод шаҳрида мазкур ўқув-курсининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўқитиш бўлими мудири Шайх Алижон қори, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Зиёвуддин домла Нортожиев, Бекобод шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, маҳалла фаоллари, Каломуллоҳ муҳиблари иштирок этди.

Бекобод шаҳридаги бу ўқув-курси Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг филиали ҳисобланади.

Ўқувлар муддати 3 ой бўлиб, дарслар жараёнида Қуръони каримнинг 30-пораси, яъни Амма жузи тўлиқ ёд олинади. Шунингдек, дарсларда Ёсин, ар-Раҳмон ва Мулк суралари ҳам ёдлатилади.

Ўқув-курси биносида учта хона бўлиб, бу ерда жами 45 киши Аллоҳнинг каломини ўрганади. Иккита кундузги ва иккита кечги гуруҳ шакллантирилди. Бу гуруҳлардан бири аёлларники бўлиб, Аллоҳнинг каломини ўрганишга иштиёқи баланд хотин-қизлар кундузи бу ерда таҳсил олишлари мумкин.
Тингловчилар 18 ёшга тўлган бўлишлари шарт.

Ўқув хоналарида Қуръони каримнинг бир неча нусхалари, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Тафсири Ҳилол”, “Ҳадис ва ҳаёт”, “Одоблар хазинаси” асарлари, “Саодат асри қиссалари” китоби ўрин олган.

Деворларга Қуръони карим оятлари билан бирга тажвид ва ҳарфларнинг махражлари кўрсатилган лавҳалар ўрнатилгани ўқувчиларнинг тажвид қоидаларини ёд олишларида катта қулайликлар туғдиради.

Малакали мутахассилар ўқувчиларга сабоқ бериб боради.

Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди.

Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Read 943 times

Янгиликлар

Top