Ўзбекистон янгиликлари

Юртимизда мавлиди шариф тадбирлари бошланмоқда

Буюк муҳаддис уламолар юртида

мавлиди шариф шукуҳи кезмоқда.

 

Мавлиди шариф – Пайғамбар алайҳиссаломни эслаш, у Зотга бўлган муҳаббат рамзидир. Зеро, Расулуллоҳга муҳаббат иймондандир.

Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларнинг бирингиз учун то ота-онаси, болалари ва барча инсонларданда севимлироқ бўлмагунимга қадар (ҳақиқий) мўмин бўлмайсизлар”, дедилар. Уламоларимиз бу ҳадисни мўминларнинг иймони комил бўлмайди, деб тушуниш лозимлигини айтганлар. Ибн Ҳиббон ушбу ривоят ҳақида «Банда иймон ҳақиқатига етмайди...» деганлар.

Замонамизнинг улуғ олимларидан Муҳаммад Мутавалли Шаъровий: “Мавлиди шарифнинг эҳтироми учун, ҳар йили қалбимиздаги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган севикли хотира ила шоду хуррамлик ва хурсандчиликни изҳор қилишимиз ҳақли бўлади. Зеро, ушбу хурсандчилик мавлиди шарифни нишонлаш билан бўлади, деганлар.

Алҳамдулиллаҳ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли халқимиз ҳар йили анъанавий тарзда У Зот туғилган Рабиул аввал ойини Мавлид ойи сифатида хурсандчилик билан нишонлаб келадилар. Албатта, бу қувончли маросимларда аҳли илмларимиз, имом-домлаларимиз пешво бўладилар, халқимизга Набий алайҳиссаломнинг сийратларини, наътларини эслатадилар, ўқиб берадилар. Хусусан, бу тадбирларнинг масжидларда уюшқоқлик билан ўтказилиши ушбу ойнинг шукуҳини зиёда қилади.

Жорий 1444 ҳижрий йилнинг Рабиул аввал ойида юртимиздаги 1840 та масжидларда мавлиди шариф ўқилиши жуда қувонарли ҳол, иншааллоҳ бу тадбирлар халқимизнинг Пайғамбар алайҳиссаломни яқиндан таниши, У Зотга бўлган муҳаббатнинг зиёда бўлишига улкан ҳисса қўшажакдир.

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

 

Read 1490 times

Янгиликлар

Top