Ўзбекистон янгиликлари

Қориларимиз эътирофда

Россия мусулмонлари жамияти таклифига кўра, жорий йил Рамазон ойида Россиянинг бир қатор шаҳарларида таровеҳ намозларини ўқиб берган ўзбекистонлик қорилар эсон-омон Тошкентга қайтиб келдилар. Қориларимиз 25 июнь куни Москва шаҳрида Россия мусулмонлари жамияти раиси, муфтий Альберт ҳазрат Крганов қабулида бўлдилар. Муфтий ҳазрат қориларимизга таровеҳ намозлари адо этиб берганликлари ва чиройлик хатм Қуръонлар учун чуқур миннатдорчилик изҳор қилди. Бунинг исботи сифатида муфтий А.Крганов қориларимизни Россия мусулмонлари жамиятининг Фахрий ёрлиғи ва махсус ордени билан тақдирлади.

Тақдирлаш маросимида муфтий ҳазрат Ўзбекистон, у ердан етишиб чиққан уламолар, ўзбекистонлик қорилар ҳақида жуда илиқ фикрлар билдирди. Хусусан, Биз Ўзбекистондан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп, у ердан етишиб чиққан ва чиқаётган уламоларга, қориларга бутун дунё ҳавас қилади – деб таъкидлади.

Ўз ўрнида қориларимиз ҳам меҳмондўстлик учун ташаккур изҳор қилиб, бу йилги Рамазон ўзгача руҳда ўтганлигини таъкидладилар ва берилган эътибор учун миннатдорчилик билдирдилар.

Шунинг билан қориларимиз ўзларига юклатилган вазифаларни аъло даражада адо этиб, Ўзбекистонга ёруғ юз билан қайтиб келдилар.

Шунингдек, Украинанинг Киев шаҳрида Рамазон ойида таровеҳ намозларини ўқиб берган қоримиз М.Аббосиддинов ҳам куни кеча хатми Қуръонни тугатиб Ўзбекистонга қайтиб келди. Мусохон қори ҳам украиналик мусулмонлар эътирофига сазовор бўлиб, Украина мусулмонлари идорасининг махсус Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.    

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

 

Read 6724 times

Янгиликлар

Top