Ўзбекистон янгиликлари

Таниқли уламоларимиз Пискент туманига ташриф буюрди

Бугун Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисининг ўринбосари устоз Иброҳимжон домла Иномов бошчилигидаги уламо ва имом-хатиблар Тошкент вилоятининг Пискент туманига ташриф буюрди. Уламоларимиз пешин ва хуфтон намозидан сўнг жамоатга бугунги кунда жамиятимизда долзарб бўлиб турган масалалар бўйича маъруза қилиб, уларни яхшиликка чорладилар.
Ана шундай илмий суҳбат “Пискент” жоме масжидида бўлиб ўтди. Унда устоз Иброҳимжон домла йиғилганларга айни кунда сохта оқимларга берилмаслик, айниқса ёш авлодни турли бузғунчи оқимлар сафига кириб қолишларини олдини олиш, уларни интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб қилинаётган турли мафкуравий ва информацион хуружлардан ҳимоя қилиш зарурлиги таъкидлади.
Бундай муҳим мавзудаги суҳбатлар “Мулла Бўта Қози”, “Саид ота”, “Ўсмат ота”, Келовчи, “Собир ота” каби жомеларда бўлиб ўтди. Унда Муҳаммадраҳим Абдуқодиров, Раҳимберди Раҳмонов, Муродуллоҳ Хуназаров, Обид Мирҳамидов, Зокир Зиятдинов, Рашид Рустамов каби ўнлаб уламоларимиз жамоатга манфаатли маърузалар қилиб беришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 797 times

Янгиликлар

Top