Ўзбекистон янгиликлари

Саудиялик тадбиркор Ўзбекистондан «ҳалол» маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш ниятида

Жидда шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан республикамиз маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш мақсадида Макка шаҳридаги “Golden Star” компанияси бош директори Абдулмуъин Зурги билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Суҳбат давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, иқтисодиётни либераллаштириш ва ташқи савдони ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар, хорижий импортёрлар учун яратилган бизнес қулайликлари ҳамда республикадаги экспорт муҳитининг жозибадорлиги ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Ўз навбатида, Абдулмуъин Зурги Саудия Арабистонидаги фармацевтика заводларга хомашёларни етказиш мақсадида Осиё минтақасидаги желатинли капсулалар бозорини ўрганиб чиққанини маълум қилди.
Шу ўринда, аҳолисининг 90 фоизидан ортиғи мусулмон бўлган Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг ҳалоллигига ишонч ҳосил қилган ҳолда, Абдулмуъин Зурги мамлакатимиздаги компаниялар билан ҳамкорликни ўрнатиш истагини билдирди. Жумладан, у “MMM Amin Bio” компанияси (Halal Gelatin Collagen Manufacturer) билан ҳамкорлик ўрнатиш асносида Ўзбекистондан желатин капсулаларини экспорт қилишга қизиқиш билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 834 times

Янгиликлар

Top