Ўзбекистон янгиликлари

Ўзаро ҳамкорлик ҳамжиҳатлик омили

Ўз каломида "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг" ("Моида" сураси, 2-оят), дея марҳамат этган Яратган зот ушбу хитоби билан бандаларига кўплаб яхшиликларни ирода этган. Ўзаро ёрдам ижтимоий ҳаётни юқори даражага кўтаради, жамият аъзоларининг фаровонлигини оширади, уларнинг қайғу-аламларини енгиллаштиради. Ҳамкорлик ҳар бир шахс ва ҳар бир жамиятнинг бахтиёр бўлиши учун зарур омиллардан бири бўлиб ҳисобланади.

Юқорида зикр этилган ана шундай хайрли ишлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд ва Жиззах вилояти вакилликлари ўртасида амалга оширилди.

Ўтган ҳафта сўнггида Самарқанд вилояти бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида 10дан зиёд вилоятнинг кўзга кўринган имомлари, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликларни йўлга қўйиш мақсадида қўшни Жиззах вилоятига ташриф буюрдилар.

Меҳмонларни Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов ва Зомин тумани бош имом хатиби Аброр Равшанов кутиб олди.

Сафар давомида меҳмонларга вилоятда олиб борилаётган диний соҳадаги ўзгаришлар, эришилган ютуқлар, вакиллик ва имом-хатиблар амалга ошираётган ишлар, масжидлардаги қайта қуриш ва ободонлаштириш жараёнлари борасида атрофлича маълумот берилди.

Аҳоли билан учрашувлар, жамоат ташкилотлари, маҳаллалар, таълим муассасалари билан ҳамкорликда йўлга қўйилган тадбирлар ва уларнинг амалий натижалари диққат билан тингланди. Меҳмонлар вилоятда диний соҳада кўплаб ютуқларга эришилгани, таҳсинга сазовор ишлар амалга оширилганини эътироф этдилар.

Жиззах вилояти бош имом-хатибининг таклифи билан меҳмонлар миллий меъморчилик ва замонавий архитектура уйғунлигида қайтадан қад ростлаган Жиззах шаҳридаги "Хўжа Нуриддинҳожи" ҳамда Зомин тумани марказидаги "Маърифатли" жоме масжидига келдилар. Мустақиллик шарофати ҳамда юртимизда диний соҳага берилаётган юксак эътибор, айниқса, ушбу эътиборнинг сўнгги пайтларда тобора ортиб бораётганининг тимсоли сифатида қад ростлаган ушбу икки масжид, ўзининг савлати, файзи билан меҳмонларда ўзгача таассурот уйғотди. Кенг ва ёруғ намозхона, ҳашамли кошинкор айвонлар, серфайз ҳовли, кутубхона, анжуманлар зали, маъмурият хоналари, замонавий таҳоратхона, буларнинг барчаси юқори сифат ва юксак санъат асосида барпо этилган бўлиб, намозхонларнинг тўкис ибодат қилишлари, илм-маърифатларини оширишлари учун барча шароитлар ҳозирланган.

Самарқанд уламолари масжидни кўздан кечирар эканлар барча мутасаддиларга, меъморларга, ҳомийларга ўзларининг миннатдорчиликларини билдириб, ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.

Шунингдек, Зомин туманидаги иккита қабристонга ҳам кирилиб, Қуръони карим тиловат қилинди. Тиловат савоби қабристонда ётган барча марҳум ва марҳумалар  руҳига бағишланди. Таъкидлаш лозимки, ҳар икки қабристонда ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилган бўлиб, зиёратчилар учун барча шароитлар ҳозирланган.

Сафар ниҳоясида ҳар икки тараф ҳам ташриф ўта самарали бўлгани, бу –вилоятлар ўртасида ҳамкорликнинг дебочаси экани, келгусида биргаликда кўплаб ишлар амалга оширилишини таъкидладилар.

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги      

Read 4562 times

Янгиликлар

Top