Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда ташкил этилган Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги Ҳиндистон матбуоти нигоҳида

Ҳиндистоннинг “Sarkaritel” ва “Diplomacy India” онлайн-нашрларида Ўзбекистонда ташкил этилган Халқаро зиёрат туризми ҳафталигига бағишланган мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ҳинд ахборот манбалари Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги жорий йил 1-3 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари - Самарқанд, Хива, Бухоро ва Тошкентда бўлиб ўтаётганини маълум қилган.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон зиёрат-туризм салоҳиятини намойиш этиш, мамлакатни энг жозибадор сайёҳлик йўналишларидан бирига айлантириш, жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар юксак эътирофини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, зиёрат-туризм хизматларини диверсификациялаш ва туризм экспорти кўламини кенгайтиришдан иборат эканига эътибор қаратилган.
Туризм ҳафталиги Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётгани маълум қилинган.
Нашрлар ҳафталик дастури доирасида зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилган кўргазмалар, семинарлар, илмий-амалий анжуманлар ҳамда маданий-маърифий тадбирлар, Самарқанд шаҳридаги янги “Ипак йўли” халқаро сайёҳлик марказига ташриф, “Хива — Ислом олами туризм пойтахти” ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани ҳақида сўз юритган.
Онлайн-нашрларнинг урғулашича, туризм соҳаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакат миллий иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири сифатида белгилаб берилган. Қисқа вақт ичида Ўзбекистонда олиб борилаётган “очиқ эшиклар” сиёсати туфайли сўнгги уч йилда мамлакатга кириш визаси талаб этилмайдиган давлатлар сони 9 тадан 90 тага етди, 50 дан ортиқ давлат, шу жумладан, Ҳиндистон фуқароларига электрон визалар бериш тизими йўлга қўйилди.
Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий Ипак йўли шаҳарлари ҳиндистонлик сайёҳлар орасида ҳам машҳур масканга айланиб бормоқда. “Uzbekista Airways” авиакомпанияси томонидан Деҳли ва Тошкент ўртасида ҳафтасига 4 та тўғридан-тўғри рейслар амалга оширилади. Икки давлат пойтахтлари ўртасидаги масофа атиги 2,5 соатни ташкил этади.
Ҳиндистонлик сайёҳлар махсус интернет портал орқали Ўзбекистонга электрон визани (e-visa) уч кунда олиши мумкин, дейилади Ҳиндистон матбуотида эълон қилинган мақолада.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1202 times

Янгиликлар

Top