Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов бошчилигидаги делегация Вашингтонда АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича махсус топшириқлар бўйича элчиси, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари, жумладан, Халқаро диний эркинлик бўйича комиссия (USCIRF) раҳбарияти, шунингдек, Глобал жалб қилиш институти (IGE) ва Хельсинки комиссияси экспертлари билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида диний эркинликни таъминлаш соҳасида мулоқотни кучайтириш мақсадида АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича махсус топшириқлар бўйича элчиси Рашад Ҳусайн билан учрашув бўлиб ўтди.
Рашад Ҳусайн Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг диний эркинлик соҳасидаги сезиларли ютуқларини олқишлашини таъкидлади. Хорижий давлатлар ва халқаро институтлар билан ўрнатилган очиқ мулоқот ва ҳамкорлик даражаси Ўзбекистон раҳбариятининг диний эътиқод эркинлигини таъминлаш борасидаги қатъийлигидан далолат беришини қайд этди. Шунингдек, у АҚШ диний эркинлик соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашини урғулади.
АҚШ халқаро диний эркинлик бўйича комиссиясининг доимий аъзолари Эрик Уланд, Стивен Шнэк ва Френк Вольф, USCIRFнинг бошқа вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Хусусан, диний эркинликни таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ва диний ташкилотларга оид қонунчиликни либераллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда диний эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари алоҳида таъкидланди.
Комиссия аъзолари Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлаш соҳасидаги вазиятни яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилганини эътироф этди. Улар бу борадаги ислоҳотларни давом эттириш, қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларга ишонч билдирди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар диний эркинликларни ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мунтазам амалий мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича комиссияси (Хельсинки комиссияси) вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги шерикликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Хельсинки комиссиясининг етакчи мутахассиси Уильям Коннор, сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчи Жордан Уорлик, АҚШнинг ЕХҲТдаги миссиясидаги комиссия вакили Шеннон Симрел, шунингдек, сиёсий масалалар бўйича катта маслаҳатчи Бахтиёр Нишонов иштирок этди.
Америка вакиллари Ўзбекистон томонидан сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари ва демократияни илгари суриш соҳасида Хельсинки келишувлари амалга оширилишини таъминлашда эришилган салмоқли ютуқлар ва ижобий натижаларни алоҳида таъкидлади. ЕХҲТ масъулияти доирасидаги минтақавий хавфсизлик мавзусига тўхталар экан, экспертлар Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тартибга солишдаги ролини юқори баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг навбатдаги кузги йиғилиши 2023 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтади.
Фахрий президент Крис Сайпл ва Глобал жалб қилиш институти вице-президенти Жеймс Чен билан учрашувда диний плюрализм ва конфессиялараро тотувликни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида IGE вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, диний эркинликларни ҳимоя қилиш ва илгари суриш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот олиш мақсадида мамлакатимиз делегациясининг АҚШга ташрифини ташкил этиш ташаббусини юқори баҳолади.
Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, IGE фахрий президенти Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини маълум қилган. У диний эркинлик, диний таълим, радикализмга қарши курашиш, шунингдек, адлия тизимини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликда тадбир ва лойиҳалар ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, Крис Сайпл икки давлат ўртасида динлараро мулоқотни йўлга қўйиш учун Ўзбекистондан пастор ва имомларнинг ташрифларини ташкил этишни таклиф қилди.
Ўзбекистон делегациясининг АҚШга ташрифи давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати