Ўзбекистон янгиликлари

Ислом билим юрти талабалари хайрия ишларида фаол бўлди

3 декабрь – “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси таассаруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида бир қанча тадбирлар ва хайрия ишлари ташкил этилди.


Хусусан, Тошкент ислом институтида мазкур сана муносабати билан тадбир ўтказилди. Унда талабалар орасида жисмонан ногиронлиги бўлган йигитларга эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотлар тақдим этилди.


Шунингдек, Тошкент ислом институти раҳбарияти узоқ йиллардан буён Олий маъҳадда меҳнат қилиб келаётган фидойи ходим Баҳодир Нурмуҳаммедов хонадонига ташриф буюриб, ҳолидан хабар олдилар.


Бундай хайрли тадбирлар институт талаба қизлари ўртасида ҳам ташкил этилди. Улар пойтахтимиздаги 1-сонли “Мурувват” интернат уйига ташриф буюриб, ўз ҳисобларидан болажонларга кийим-кечак ва керакли маҳсулотлар харид қилиб уларга совға қилдилар. Ташриф давомида талабалар ногирон болаларга ўз меҳрларини аямаётган шифокор ва ходимларга ташаккур билдириб, Аллоҳ таолодан уларга ажру-савоблар сўраб дуо қилди.
Мана шундай савобли амаллар Бухоро вилояти "Жўйбори Калон" аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари томонидан ҳам ташкил этилди. Улар Жўйбор маҳалласидаги ногирон болалари бор оилалар ҳолидан хабар олиб, хайрия ишларини амалга оширдилар.


“Хадичаи кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари ҳам пойтахтимиздаги 1-сонли “Мурувват” интернат уйида бўлиб, болажонларни турли совғалар билан хурсанд қилдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 722 times

Янгиликлар

Top