Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари юксак нишон билан тақдирландилар

Бугун, 6 декабрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Конституциямиз қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан “Бош қомусимиз – адолат мезони” номли маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Маросимда сўзга чиққан Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов иштирокчиларни байрам билан муборакбод этиб, Ўзбекистон – турли маданият ва цивилизациялар туташган муборак замин ҳисобланиши, шу сабабли асрлар давомида юртимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва диний эътиқод вакиллари ягона оиладек аҳил-иноқ яшаб келишаётгани, меҳмондўстлик, ўзаро ҳурмат, барчага эзгулик соғиниш, умуман, бағрикенглик бизнинг халқимизга хос фазилат саналиши, Ўзбекистон фуқароларининг миллати, ирқи, дини ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар давлат ҳимоясида экани ва қонун олдида тенглиги ҳамда уларнинг дин соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминлангани масаласи ҳам Конституцияда ўз аксини топганини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниш тарихи, унинг халқаро ҳамжамиятда тутган ўрни ва юртимиз ривожи ва бугунги кундаги ислоҳотларга бош мезон бўлиб хизмат қилаётганини сўзлаб берди.

Тадбир асносида асосий қисм – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эсдалик нишони соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда турли диний-маърифий соҳа вакиллари билан бир қаторда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳам ушбу нуфузли эсдалик нишони билан тақдирландилар. Шунингдек, Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Матбуот хизмати бўлими раҳбари Комилжон Бурхонов, Хотин-қизлар бўлими мутахассиси Мунира Абубакироваларга ҳам тақдим этилди.

Маълумки, Aсосий қомусимиз қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини таъсис етиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган еди. Мазкур эсдалик нишони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз тақдирланди.

Қувонарлиси, уларнинг сафида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бир гуруҳ уламо ва ходимлари ҳам бор. Тадбирда мукофотланганларга эсдалик нишони тантанали тарзда топширилди.

Мана шундай юксак нишон билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ диний соҳа ходимлари ҳам тақдирланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1119 times

Янгиликлар

Top