Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбек дипломати Россиянинг Свердловск вилоятида “Ас-Салям” масжидининг расмий очилиш маросимида иштирок этди

Диний-маърифий ва диний эркинлик соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар тарғиботи доирасида Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси вакили Свердловск вилоятида жойлашган “Маҳалла” ислом диний ташкилоти раҳбариятининг таклифига биноан, кеча Свердловск вилояти Арамил шаҳридаги “Ас-Салям” масжидининг расмий очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон ва Тожикистон Бош консулхонаси ходимлари, Арамил шаҳар маъмурияти раҳбарлари, Татаристон ва Бошқирдистон ваколатхоналари, Свердловск ва Челябинск вилоятлари муфтияти имомлари ҳамда Урал Давлат кончилик университети вакиллари қатнашдилар.
Янги масжиднинг расмий очилиш маросимида имом Нойил Аминов ва шаҳар маъмурияти раҳбарлари тадбир иштирокчиларини қутлаб, масжиднинг қурилиш тарихи ҳақидаги батафсил маълумотларни ўртоқлашдилар.
Свердловск вилояти муфтияти томонидан масжид қурилишида фаол иштирок этган бир гуруҳ махаллий фуқаролар, турли диаспора вакиллари қимматбаҳо совға ва ташаккурномалар билан тақдирландилар.
Тадбирда Ўзбекистон Бош консулхонаси вакили ҳам сўзга чиқиб, унинг барпо этилишига ҳисса қўшганларга ҳамда вилоят мутасаддиларига ўз миннатдорлигини билдириб, масжид раҳбарияти ва тадбир иштирокчиларини самимий табриклади.
Уралда мусулмонлар ва бошқа динлар вакиллари ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, ўлкада вақтинча ва муқим яшаётган, ушбу масжидга борадиган Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, меҳнат муҳожирларига холис диний ахборотларни етказиш, уларни турли ёт оқимлар таъсиридан сақлаш борасида олиб бораётган диний таълими ҳамда тарбиявий фаолияти учун масжид имоми Нойил Аминовга Бош консулхона номидан миннатдорлик билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 693 times

Янгиликлар

Top