Ўзбекистон янгиликлари

Меҳнат мигрантлари маърифати йўлида муҳим ҳужжат имзоланди

Бугун, 28 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раиси Афзал Ирматов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида хорижга ишга кетаётган юртдошларимизга борадиган мамлакат қонунчилиги, анъаналари ва одоб-ахлоқ нормалари, турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимояланиш, экстремизм ва терроризмга қарши хабардорликни оширишга қаратилган учрашув ҳамда давра суҳбатлари ташкил этаётгани фуқароларимиз учун манфаатли бўлаётгани таъкидланди.
Учрашув чоғида Муфтий ҳазратлари хорижда ишлаётган юртдошларимиз доимий Диний идора эътиборида эканини таъкидлаб, жорий йил давомида ҳам таниқли уламоларимиз бир неча чет давлатлар, хусусан, АҚШ, Россия. Жанубий Кореяда бўлиб, у ерда меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан диний-маърифий суҳбатлар қилиб, кўплаб эътирофларга сазовор бўлганлигини алоҳида қайд этдилар. Шу билан бирга бундай ташкилий ишларга эҳтиёж катта экани ва бунинг учун агентлик билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва фуқароларимиз манфаати учун кўплаб ишлар қилиш лозимлигини билдирди.
Мулоқот давомида кейинги йилларда Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан меҳнат мигрантларимизга алоҳида эътибор қаратилиб, уларга зарур ёрдамлар кўрсатилаётгани, ҳар доим улар ўз ҳукумати ёрдамини ҳис қилиши учун барча чоралар кўрилаётганини таъкидлади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раиси Афзал Ирматов ҳам ўз сўзида Диний идора билан ҳамкорликда ташкил этилаётган амалий чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этишини қайд этиб, бу ҳамкорликнинг ривожи меҳнат мигрантлари фаровонлигига хизмат қилишини қўшимча қилди.
Учрашув сўнггида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1209 times

Янгиликлар

Top