Ўзбекистон янгиликлари

Кексаларни улуғлаш — динимизни улуғлаш демак!

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пай­ғам­баримиз сол­лаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мўйсафид, Қуръонни ёд олиб, унда ҳаддидан ошмаган ва уни тарк қилмаган қори ҳамда одил подшоҳни ҳурмат қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш кабидир”, дея марҳамат қилганлар.

Инсон кексайган вақтида эътибор, меҳр-мурувват ва шафқатга муҳтож бўлади. Бундай инсонларга эътиборли бўлиш динимиз таълимотларидан ҳисобланади. Чунки улар­нинг умри меҳнат билан ўтган, энди кексалик боис ишга ярамай, хасталаниб, куч-қувватдан қол­ган­лар. Жа­мият ва она Ватан равнақи учун ҳисса қўшган, ои­ла­ни оёққа турғазган, ўғил-қизлар ўстириб, едириб-ичирган, оилам, болам-чақам деб, елиб-югурганлар ҳам шулар.

Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳамда вилоят вакиллиги ходимлари Фарғона шаҳридаги "Саховат — кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйи"га ташриф буюриб, ушбу даргоҳда истиқомат қилаётган кексалар билан мулоқот қилдилар. Убайдуллоҳ домла кекса-нуронийларни ҳурмат қилишнинг фазилати, уларнинг дуолари баракоти жамият, айниқса, ёш авлод учун муҳим эканини таъкидладилар.

Ҳомийлар кўмагида саховат уйига гигиеник-санитарик воситалари ҳадя қилинди.

Даргоҳда яшовчи отахон-онахонлар уламолар ташрифидан мамнун бўлганлари, кўнгиллари кўтарилиб, асосийси, эътибордан четда қолмаганларини изҳор қилиб, юртимиз ва халқимиз ҳақига дуо қилдилар.

 

Фарғона вилояти вакиллиги Ахборот хизмати

Read 755 times

Янгиликлар

Top