Ўзбекистон янгиликлари

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонланади

Ўзбекистон Президентининг «Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳужжатда қайд этилганидек, жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда маълум ва машҳурдир. Унинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга.
Хусусан, мустақиллик даврида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг асарларини юртимиз ва хорижий давлатларда тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, шоир туғилган кун – 14 февраль санаси ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб адабиёт ва илм-маърифат байрами сифатида нишонланмоқда.
Давлатимиз раҳбари қарорида жорий йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш вазифалари белгиланди. Унга кўра, буюк аждодимиз таваллудининг 540 йиллигига бағишланган тадбирларни ташки этиш ва ўтказиши бўйича ташкилий қўмита тузилади ва унинг таркиби тасдиқланади.
Ташкилий қўмита бир ҳафта муддатда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини нишонлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаши режалаштирилган.
Ушбу дастурдан мамлакатимиздаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни, жумладан, ёдгорлик мажмуаларини таъмирлаш ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш, Бобур Мирзо меросига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, санъат асарлари ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли даражада сақлаш учун зарур шароит яратиш, хорижий мамлакатларда сақланаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти, илмий-ижодий мероси ҳамда у яшаган даврга оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда тадқиқ қилишни давом эттириш вазифалари ўрин олади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари, Ўзбек миллий маданий марказлари, ватандошлар жамиятларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини кенг ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этиши назарда тутилмоқда.
Қарорга биноан, Андижон шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросининг Шарқ давлатчилиги ва маданияти ривожида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий-назарий анжуман, Тошкент шаҳрида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган адабий-бадиий анжуман ташкил этилади.
Шунингдек, Андижон шаҳридаги «Бобур ва жаҳон маданияти» китоб музейида Бобурнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган асарларнинг қўлёзма ва нашр нусхаларининг кўргазмаси, тасвирий санъат асарлари, миниатюралар, халқ амалий санъати намуналари кўргазмаларини ташкил этиш белгиланмоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ибратли ҳаёти ва бой меросини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида «Бобур мероси» халқаро сайёҳлик тарғибот дастурини амалга оширилади.
Шунингдек, 2023 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва асарлари асосида янги спектакллар яратиш, шоир ғазаллари билан ижро этиладиган энг яхши қўшиқлар танловлари ҳамда «Назм ва наво» мақом кечаларини ташкил этиш, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик даврига бағишлаб суратга олинаётган «Йўлбарснинг туғилиши» бадиий фильмини якунига етказиш, Бобур Мирзо ҳақидаги спектакль ва кўп қисмли мультипликацион фильмни яратиш чора-тадбирлари белгиланди.

Read 924 times

Янгиликлар

Top