Ўзбекистон янгиликлари

Ислом цивилизацияси тарихи музейини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Бугун, 31 январь куни пойтахтимиздаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси тарихи музейини шакллантиришга оид долзарб масалалар” мавзусидаги республика илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Мазкур анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, шунингдек, олимлар, соҳа мутахассислари, тадқиқотчилар иштирок этишди.

Анжуман давомида Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков сўзга чиқиб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши юртимиздаги хайрли ишларнинг узвий қисми экани, Ислом динининг асл моҳиятини халқимизга етказиш, азиз-авлиёлар меросини ўрганиш ва қадамжоларини обод қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар юртимизни яна илм-фан марказига айлантиришга пойдевор бўлишини таъкидладилар.

Ҳомиджон домла Ишматбеков ўз сўзи давомида мазкур илмий-амалий конференция ўтказилишига сабаб бўлган Ислом цивилизацияси тарихи музейи ҳақида алоҳида тўхталар экан, жумладан бундай деди:

– Мазкур музей бебаҳо экспонатлар билан бойитиб борилаётгани қувонарли ҳол. Хусусан, аждодларимиз томонидан эрамизнинг биринчи асридан бошлаб ҳозирги кунигача илм-фан, маданият, адабиёт, мусиқа, шаҳарсозлик ва бошқа соҳаларда Ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаларини акс эттирувчи нодир ашёлар, тарихий ҳужжатлар, қўлёзма асарлари ушбу заллардан ўрин олади.

Маърифат масканига келувчилар ушбу музейда алломаларнинг илм-фан соҳаларида эришган ютуқлари ҳақида ҳикоя қилувчи асарлар билан танишади, мутафаккирларимиз баён этган соф ислом маърифатидан баҳраманд бўлади, иншоАллоҳ.

Шунингдек, анжуманда соҳа мутахассислари, олимлар ва тадқиқотчилар томонидан мавзу доирасида долзарб чиқишлар қилиш билан бирга муҳим фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 969 times

Янгиликлар

Top