Ўзбекистон янгиликлари

Диний идорада ёшлар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди

2023 йил 2 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти тингловчилари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳамда ЎМИ раисининг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Уйғун домла Ғафуровлар қатнашди.
Тадбир Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Сўнгра Ҳомиджон домла тингловчиларга бугун диний соҳада бўлаётган ислоҳотлар ҳақида маъруза қилиб, Юртбошимиз бошчилигида диний-маърифий йўналишда улкан ўзгаришлар бўлаётганига алоҳида урғу қаратди. Айниқса, диний таълим бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар эътиборга молик эканини қайд этди. Шунингдек, илм олиш ҳар бир мўмин учун фарз амал экани, бу йўлда умр ўтказган инсонлар кўплаб ажру савобларга эга бўлишини таъкидлади.
Мазмунли маърузадан сўнг тадбир мулоқот тарзида кечиб, Ҳомиджон домла ва Уйғун домла тингловчиларнинг касб доирасида ва ўз ҳаётига оид барча саволларига жавоб бердилар.
Тадбирдан сўнг Ҳазрати Имом мажмуасига зиёрат ташкил қилиниб, Усмон Мусҳафи, Каффол аш-Шоший мақбараси ҳам зиёрат қилинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 818 times

Янгиликлар

Top