Ўзбекистон янгиликлари

Малайзияда «Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази» мавзусига бағишланган фотокўргазма очилди

1 март куни Малайзияда «Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази» мавзусидаги фотокўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ушбу суратлар кўргазмаси Малайзия Ислом санъати музейида Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Малайзия Ислом санъати музейи 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, у ислом цивилизацияси тарихи ва санъатига бағишланган Жанубий-Шарқий Осиёдаги энг йирик музей ҳисобланади. Музей коллекциясида бутун ислом олами маданияти ва санъатини акс эттирувчи экспонатлар мавжуд. Энг нодир экспонатлардан бири Ўзбекистондан 8 асрга оид ипакдан тикилган сўғдийлар либосидир.
Кўргазманинг очилиш маросимида Малайзия томонидан Туризм, санъат ва маданият вазири Тионг Кинг Синг фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, қироллик оиласи аъзолари, Малайзия вазирлик ва идоралари вакиллари, Куала-Лумпур мэрияси, мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатия корпуси, маданият ва санъат намояндалари, илмий ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этишди.
Кўргазмада ислом тарихи, ислом цивилизациясининг Марказий Осиёга кириб келишидан то ҳозирги кунгача илм-фан, таълим ва меъморчилик ривожига қўшган ҳиссаси, турли цивилизацияларга хос бўлган маданий осори-атиқалар, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида сақланиб қолган қадимий ва бой маданий меросга оид фотосуратлар ва маълумотлар намойиш этилмоқда.
Тадбир иштирокчиларига мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, шунингдек, илмий мажмуа ва музей мажмуаси қурилиши ҳақидаги атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
Шарқ Уйғониш даврининг жаҳон цивилизацияси ривожидаги аҳамияти, жумладан, буюк аллома ва қомусий илм соҳиблари Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбекнинг аниқ фанлар тараққиётидаги ўрни, машҳур мутафаккир ва муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий асарларининг ислом фалсафаси ва ислом ҳуқуқи ривожидаги улкан ҳиссаси қайд этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тақдимоти ҳам ташкил этилди. Хусусан, мамлакатимиз ҳукумати томонидан сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, «зиёрат туризми» салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган эътиборга молик чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Вазир Тионг Кинг Синг маданий-гуманитар соҳадаги Малайзия-Ўзбекистон ҳамкорлигининг юксак даражасини мамнуният билан қайд этар экан, Ўзбекистонда ислом цивилизациясининг бой маънавий-интеллектуал меросини ҳар томонлама ўрганиш, авайлаб асраш ва тарғиб этиш, бағрикенглик маданиятини ривожлантириш, ислом динининг инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларга юксак баҳо берди.
Малайзия аҳолиси ва меҳмонларининг Ўзбекистон эга бўлган жозибали маданий мерос тўғрисидаги хабардорлигини ошириш мамлакатимизнинг «зиёрат туризми» йўналиши сифатида янада оммалашишига ва сайёҳлар сонининг изчил ортиб боришига хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Ислом санъати музейи мувофиқлаштирувчиси Зулкифли Исхоқ икки ой давомида Малайзиянинг кенг жамоатчилигини Ўзбекистоннинг серқирра маданияти, кўп асрлик тарихи, меъморчилик анъаналари билан яқиндан таништиришга хизмат қиладиган мазкур қўшма лойиҳанинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.
Музейнинг ички безатиш ишларида ўзбекистонлик иқтидорли ҳунармандларнинг бевосита иштирок этгани республикамизнинг бой санъат ва ҳунармандчилигига ҳурмат ҳамда эҳтиром белгиси сифатида қайд этилди.
Фотокўргазма 27 апрелга қадар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 803 times

Янгиликлар

Top