Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбек манбашунослиги ва тасаввуфшунослиги ютуқларининг хориждаги эътирофи

Ўзбек шарқшунос олимларининг хорижий давлатлар илмий доиралари, жумладан, Россия олимлари ва илмий-маънавий ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Бу йўналишда, айниқса, ўзбек манбашунослари ва тасаввуфшуносларининг Россия мусулмонлари Марказий диний идораси билан ҳамкорлиги алоҳида ўрин тутади.

Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раёсатининг 2023 йил 14 февралдаги қарори ва Россия марказий диний идораси раиси, Бош муфтий, шайхулислом Талъат Сафо Тожиддиннинг шу санадаги №04-23-сонли фармонига асосан, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, “Нақшбандия” журналининг бош муҳаррири ўринбосари, тарих фанлари доктори, шарқшунос, манбашунос, битикшунос, исломшунос, тасаввуфшунос  Комилжон Раҳимов бутун постсовет маконида диний-ахлоқий қадриятларни изчил ўрнатишдаги муносиб ҳиссаси, диний-ахлоқий уйғонишни ривожлантиришдаги роли, Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги тинчлик, дўстлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашдаги салмоқли ҳиссаси ва бошқа хизматлари учун мазкур идоранинг “Вера и честь” ордени билан тақдирланди.  

Эслатиб ўтиш лозимки, ушбу орден Россия ва бошқа давлатларда ислом динига эътиқод қилувчи халқларнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, диний-ахлоқий қадриятларни тиклаш, динлараро ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш каби ишларга ҳисса қўшган шахсларга берилади. Комилжон Раҳимовнинг тасаввуф тарихига бағишланган бир неча асарларининг Россияда нашр этилиши, шунингдек, ушбу олимнинг Россиядаги манбашунослик, исломшунослик ва тасаввуфга бағишланган кўплаб илмий анжуманлар ва тадбирларда фаол иштирок этиши Россия мусулмонлари Марказий диний идораси томонидан шу тарзда муносиб тақдирланди.  

Истеъдодли ёш шарқшунос, манбашунос олим, моҳир таржимон ва жамоатчилик фаоли Комилжон Раҳимов 1982 йил Бухоро шаҳрида туғилган. У 1995–1999 йиллари Бухородаги Мир Араб мадрасасида, 2000–2007 йиллари Бухоро давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида бакалавр ва магистартурада таҳсил олган. 2005–2006 ўқув йилида Миср Араб Республикасининг Тошкентдаги Фан ва таълим маданият маркази эълон қилган 1 йиллик малака ошириш грант танлови ғолиби бўлгач, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Бухоро давлат университети маъмурияти тавсиясига мувофиқ 2005–2006 йиллари Миср Араб Республикасининг Қоҳира университети Араб филологияси факультетида давлат гранти асосида 1 йил малака ошириб қайтган. 2008–2013 йиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси мустақил тадқиқотчиси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти аспирантураси (2014–2017) ва докторантурасини (2018–2021) битирган. Комилжон Раҳимов 2018 йил тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзган «Мустамлий Бухорийнинг «Шарҳ ат-Таъарруф» асари ҳамда унинг XI–XV асрлар Мовароуннаҳр ва Хуросон тасаввуф манбаларига таъсири» мавзусидаги диссертацияни, 2022 йили эса тарих фанлари бўйича фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун ёзган «Хожагон-нақшбандия таълимотининг илдизлари ва шаклланиш манбалари (IX–XIV асрлар)» мавзусидаги диссертацияни проф. Баҳром Абдуҳалимов раҳбарлиги остида муваффақиятли ҳимоя қилган.    

Комилжон Раҳимов Ўзбекистон ва 15 хорижий мамлакат нашрларида чоп этилган 250 дан ортиқ илмий мақола, 30 та монография ва 2 та илмий тўплам муаллифи. Шунингдек, турли тўплам, луғат ва энциклопедияларда ҳам 77 та мақола чоп этган. Булардан ташқари, Ўзбекистондаги 41 та ва хорижий мамлакатлардаги 19 та илмий-амалий ва илмий-назарий анжуманларда ўз илмий маърузалари билан иштирок этган.

Комилжон Раҳимов ҳозирги кунда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳамда Бухоро давлат университетидаги Илмий кенгашларнинг аъзоси ҳисобланади. Истеъдодли олим ҳозирги кунда ислом даврининг бошларида Бухоро шаҳридаги таълим, фан ва маданият асосларининг қўйилиши ва ривожланиши тадқиқига бағишланган “VIII–XI асрларда Бухородаги таълим, фан ва маданият тараққиёти” номли монографик тадқиқот устида ишламоқда.  

Сермаҳсул ёш олимнинг келгусидаги фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.

 

Нилуфар Бозорова,

ЎзА

Read 836 times

Янгиликлар

Top