Ўзбекистон янгиликлари

Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият бахтли бўлади

Аёллар ҳақида сўз кетар экан, Ислом дини уни юксак мақом ва юқори ҳурмат эгаси ўлароқ тасвирлайди. Исломда аёл киши ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган ва бурч-вазифалари белгилаб берилган тўлақонли шахс ҳисобланади.

Тошкент ислом институтида хизмат қилаётган 30дан ортиқ муҳтарама опа-сингиллар ва аёл-қизлар учун “Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият бахтли бўлади” мавзусидаги тадбир ўтказилди.

Тадбирда институт ректори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, проректор Умиджон домла Ходжаев, Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Шоғиёс домла Шожалилов иштирок этиб, аёллар Исломда она, опа-сингил, жуфти ҳалол ва қиз сифатида ҳурматланиши ҳамда улар йил давомида эътиборда, эъзозда эканлиги тўғрисида гапирди. Динимизда аёллар мерос олиши ва мерос қолдириши, никоҳда ундан ҳам розилиги сўралиши, доим эркак қариндошлар уларнинг таъминотини таъминлашга масъул эканлиги аёл-қизларнинг қадр-қиммати юқори эканлигини билдиради.

Қуръони каримнинг ўндан ортиқ сураларида ва кўплаб ҳадиси шарифларда аёлларга тегишли ҳукмлар мавжуд. Ҳатто улар ҳақида “Нисо” (“Аёллар”) деб номланган сура ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси Ислом динида аёлларга бўлган юксак эътибордандир, деди ректор М.Муҳаммадсиддиқов.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом видолашув ҳажларидаги машҳур хутбада ҳам, аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни қайта-қайта васият қилдилар. У Зот алайҳиссалом бирорта аёлларига қўл кўтармадилар, уларга яхшилик қилишда умматга ибрат бўлдилар ва шу ишга тарғиб қилдилар:

خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ، وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْلِي (رواه  الامام الترمذي عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما)

яъни: “Яхшиларингиз – оила аҳлига яхши бўлганидир. Мен – аҳли аёлига энг яхшингизман” (Имом Термизий ривоятлари).

Аёллар Исломда она сифатида бениҳоя қадр топдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Қуръонда Қиёматгача келадиган мўминларнинг онаси, деб эълон қилинди. Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигида, деб эътиборга олинди. Ҳатто ҳадиси шарифларда яхшилик қилишни онадан бошлаш тавсия қилинди.

Тадбир якунида институтда хормай-толмай меҳнат қилаётган, фаолият юритаётган аёлларга эсдалик совғалари тақдим қилинди.

 

ТИИ Матбуот хизмати

Read 775 times

Янгиликлар

Top